Ўзбекистон – эзгу ва улуғвор ғоялар ташаббускори
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 17 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига давлат раҳбарларининг юбилей мажлиси бўлиб ўтди.
Саммитда ШҲТнинг 20 йиллик фаолияти асосий якунлари ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор вазифалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
2001 йилнинг июнида Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан таъсис этилган ШҲТга орадан 15 йил ўтиб, Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши, Эроннинг аъзо бўлиш истагидаги ҳаракатлар бугун ташкилотни дунёдаги энг нуфузли ва йирик тузилмаган айлантирди. Ташкилот аъзоларининг умумий ҳудуди Евроосиёнинг 60 фоизини, нуфус жиҳатидан эса дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилмоқда. ШҲТ бугун саккизта аъзодан ташқари тўртта кузатувчи, учта кузатувчиликка номзод, шунингдек, олтита «мулоқот бўйича шерик» мақомига эга мамлакатларни бирлаштирмоқда.
Таъкидлаш лозим, ташкилот минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, аъзо мамлакатлар учун фойдали лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ташкил қилинган эди. Унда барча давлатлар тенг ҳуқуқли бўлиб, ташкилот бошқа мамлакатлар манфаатларига қарши қаратилмаган ва ҳарбий блок хусусиятига эга бўлмаган тамойиллар асосида фаолият кўрсатиши белгиланган. Ташкилот доирасида қабул қилинган ҳар қандай қарор аъзо мамлакатлар томонидан тўла маъқуллангандагина кучга киради. Бундай омиллар ШҲТни сиёсий барқарорликни кафолатлаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган дунёдаги энг йирик тузилмага айлантирди.
Бугун очиқлик ва ошкоралик, ўзгалар ишига аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик, инсонпарварлик ва демократик тамойилларни бош мақсад билган Ўзбекистоннинг ҳам бу ташкилотда ўз ўрни, сўзи ва роли бор. Чунки Марказий Осиёнинг нафақат хавфсизлиги, балки иқтисодий тараққиётини ҳам Ўзбекистонсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода, расмий Тошкент томонидан билдирилган ҳар қандай таклиф ва ташаббуслар олқишланиб, мамнуният билан қабул қилиниб келинмоқда.
Душанбе саммитида сўзга чиққан Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев бу гал иштирокчилар эътиборини Афғонистон масаласига қаратиб, бу борада ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ҳамда ахборот хавфсизлигини кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Яъни, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ушбу мамлакатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиш масалаларини кенг муҳокама қилиш мақсадида «ШҲТ – Афғонистон» форматида, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларни жалб қилган ҳолда юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказишни таклиф этиб, биринчи шундай учрашувни Тошкентда ўтказишни таклиф қилдилар.
Саммитда ушбу нуфузли ташкилотга 2021-2022 йилларда раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари бундай шарафли ва масъулиятли вазифани мамнуният билан қабул қилиб, мамлакатимизнинг ШҲТ раислигидаги устувор вазифаларни маълум қилди.
ШҲТнинг нуфузи ва салоҳиятини янада ошириш, савдо алоқаларини кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, саноат кооперацияси дастурининг қабул қилинишини жадаллаштириш, Транспорт логистикасини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар форумини таъсис этиш, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, юқумли касалликларга қарши курашишни назарда тутувчи «Йўл харитаси»ни қабул қилиш шулар жумласидандир.
Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан таклиф қилинган ушбу устувор вазифалар нафақат ШҲТга аъзо давлатлар, балки дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш орқали бутун инсоният фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, Ўзбекистон ҳар доим эзгу ва улуғвор ғоялар ташаббускори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Аҳмаджон ҒАНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати