Ўзбекистон эртаси болалар нигоҳида
Юртимиз ёшларида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билим-кўникмаларни янада юксалтириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан истиқлолимизнинг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган танлов ҳам ёшларда ватанпарварлик фазилатларини янада оширишга қаратилган. "Мен юртимни келажакда қандай тасаввур қиламан?" мавзусидаги республика онлайн танлови ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, ёш ижодкорларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, жойларда ижодий муҳит шаклланишига эришишдек мақсадларни кўзлаган.
Танловда умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат, тасвирий санъат йўналишида таълим олаётган болалар қатнашди.
Кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 211 нафар иқтидорли ўқувчи-ёшлар 292 та ижодий иши билан иштирок этди.
Эътиборга молик жиҳати, онлайн танловда иштирок этган барча болалар жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги кунини ёруғ келажакка юз тутган, файзли, янада обод, юксак тараққий этган, ибратли анъана ва қадриятларимизни сақлаб қолган юрт сифатида тасаввур этиши ижодий ишлар орқали яна бир карра намоён бўлди.
Ўқувчиларнинг ёш тоифаси бўйича Тошкент шаҳридаги 264-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Эмилия Гарифуллина (9 ёш), Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиси Нозима Ғаниева(13 ёш) , Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиси Рухшона Урдушева (16 ёш) республика онлайн кўрик-танловида биринчи ўринга сазовор бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА