Ўзбекистон–Эрон: Стандартлар соҳасида ҳамкорлик
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Тимур Машанпин Эрон Миллий стандартлаштириш ташкилоти вице-президенти Аношех Раҳмони билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, аккредитация ва метрология соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани халқаро андозаларга яқинлаштириш, стандартлардан фойдаланиш маданиятини кенгайтириш ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Савдо жараёнларидаги техник тўсиқларни камайтириш, метрология ва стандартлаштириш йўналишларида кооперацияни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Расмий маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда Эрон капитали иштирокидаги 220 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Улар саноат, қурилиш, транспорт ва инфратузилма соҳаларидаги қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Икки давлат ўртасида техник регламентлар, стандартлар ва аккредитация тизимларини ўзаро тан олиш бўйича ишчи гуруҳлар ҳам йўлга қўйилган.

Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишлар бўйича “Йўл харитаси”ни тайёрлаш ва ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида қатъий ишонч билдирилди.
Шу билан бирга, Эрон Миллий аккредитация маркази ва Ўзбекистон аккредитация маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича Англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки ташкилот ўртасида лабораториялар ва сертификатлаштириш органларини ўзаро тан олиш, мутахассислар малакасини ошириш, қўшма семинар ва тренинглар ташкил этишни назарда тутади.

Ушбу келишувлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши, техник тартибга солиш соҳасида ўзаро ишончни ошириши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА