Ўзбекистон – Эрон ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда
Ўзбекистон ва Эрон дипломатик алоқаларининг 30 йиллиги
Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги тарихий ва маданий муштараклик бисёр. Мамлакатларимиз ўртасида, хусусан, иқтисодий алоқани чуқурлаштириш учун кенг имконият мавжуд.
Эрон Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 25 декабрда эътироф этган. Кейинги йил 10 май куни икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилди. Ушбу тарихий воқеанинг 30 йиллиги муносабати билан Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, мамлакатимизнинг Эрондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган Абдусамат Ҳайдаровнинг фикрларини ёзиб олдик.
- Ўзбекистон ва Эрон халқларини кўп асрлик бой тарихий муносабат, ҳамкорлик боғлаб туради. Икки халқ ичидан ҳам юзлаб маърифатпарварлар, шоирлар, буюк алломалар етишиб чиққан. Улар дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшиб, халқларимиз фахрига айланган.
Давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилгандан кейин, 1992 йил Тошкентда Эрон элчихонаси очилди. Орадан уч йил ўтиб Теҳронда бизнинг ваколатхонамиз фаолият кўрсата бошлади. Ҳамкорлигимизнинг илк босқичида асосий эътибор икки томон учун манфаатли масалаларни ҳал этишга қаратилди. Хусусан, ўзаро алоқа тараққиётини таъминлайдиган, савдо, иқтисодиёт, ҳаво транспорти, телекоммуникация, алоқа, маданият ва туризмга оид қатор ҳужжатлар имзоланди.
1993 йил савдо-иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий соҳалар фаолиятини самарали юритиш учун қўшма комиссия ташкил этилди. Бу тузилма йиғилишлари ҳозиргача пойтахтларда мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Тез орада Тошкент ва Теҳрон ўртасида авиақатнов қайта очилиши кутиляпти.
Ўзбекистон ва Эроннинг муҳим қўшма лойиҳалари ҳақида гапирадиган бўлсак, аввало, Тежен – Серахс – Машҳад темир йўлини айтиш мумкин. 1996 йил майда фойдаланишга топширилган бу йўл Бандар-Аббос портидан Форс кўрфазига чиқиш йўлаги бўлиб, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг бошқа хориж мамлакатлари учун жанубий йўналишда Ҳинд океани денгиз коммуникациясига бевосита уланадиган илк транспорт тармоғи, “Шарқ-Ғарб” халқаро транспорт тизимининг асосий элементи ҳисобланади. Эндиликда “Шимол-Жануб” транспорт йўлагининг муҳим таркибий қисми ҳам бўлиб қолган айни тармоқ узун бўлишига қарамай, ҳануз Марказий Осиёдан Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёга юк етказишда фойдаланилмоқда.
Афғонистон 40 йилдан зиёд давр мобайнида минтақамиз диққатини ўзига жалб қилиб келади. Бу мавзуда мамлакатларимиз, маълум маънода, ҳамжиҳатликка эришди, дея оламиз. Эрон 1999 йил Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича “6+2” халқаро конференция ишида фаол қатнашди.
Маълумки, Эрон наркобизнес билан кураш бўйича илғор давлатлар қаторига киради. Шу маънода амалий жиҳатдан давлатоаримиз ўртасида нарокотик моддалар айланишига қарши кураш масаласида шериклик йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этиш зарур. Яъни, гиёҳванд воситалар истеъмолини камайтириш, наркотик ва психотроп модда ишлаб чиқарилишини назорат қилиш борасида ҳукуматлараро тегишли ҳужжатлар қабул қилинган.
Расмий Тошкент ва Теҳроннинг терроризмга қарши кураш масаласида қарашлари яқин. Икки мамлакат терроризмнинг ҳар қандай кўриниши келиб чиқишини қоралайди, жаҳон ҳамжамиятини мазкур жиноятчилик тури билан биргалашиб курашишга чақиради.
Давлатларимиз терроризм, трансмиллий жиноятчилик ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида ҳамжиҳатликни фаоллаштириш бўйича келишувга эга.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ЭКО) доирасида изчил муносабат давом этаётганини ҳам таъкидлаш лозим.
2017 йил сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиеёв Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича Астана шаҳрида ўтказилган саммити доирасида Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди. Мулоқот чоғида икки томонлама масалалар муҳокама қилиниб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишилган эди.
2021 йил сентябрда Душанбе шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида давлатимиз раҳбари Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан учрашди. Суҳбат давомида савдо-иқтисодий ўсиш ҳажмини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликннинг янги йўналишларини белгилаб олиш мақсадида қўшма ҳукуматлараро комиссия фаолиятини фаоллаштиришга келишилди.
Шуни эслатиш ўринли бўлардики, Ўзбекистон Эроннинг ШҲТга доимий аъзо сифатида киришини қўллаб-қувватлайди.
Ўз навбатида Эрон ҳам 2018 йил мартда ўтказилган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясини маъқуллаган.
2018 йил июнь ойида Ўзбекистон ва Эрон ҳамкорликда сармоявий муҳитни ривожлантиришга келишиб олган. Молиявий шартнома ва сармоялар доирасида қўшма ишчи гуруҳлар иш олиб бормоқда.
Бугун Эрон Ўзбекистоннинг ўн асосий ҳамкори рўйхатидан ўрин олган. Икки томонлама савдо ҳажмини бир миллиард долларга етказиш асосий вазифа қилиб белгиланган.
Шу мақсадда томонлар ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш чорасини кўрмоқда. Бугунги кунгача иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Эрон ҳукуматлараро комиссияси 14 марта йиғилди.
Жорий йил февраль ойида бўлиб ўтган сўнгги учрашувда ҳукуматлараро комиссия ҳузурида Ўзбекистон, Эрон ва минтақа мамлакатлари билан транспорт алоқасини мустаҳкамлаш истиқболи, икки давлат транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида янги савдо йўналишлари яратишни қамраб олган транспорт ва логистика бўйича қўшма қўмита ташкил этилди.
Махсус иқтисодий зоналар, хусусан, «Чобаҳор», «Арас» ҳамда «Навоий» ва «Ангрен» савдо иқтисодий зоналари ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йил икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон - Эрон кунларини ўтказиш истиқболи кўриб чиқилди.
Эътибор берган бўлсангиз, транспорт лойиҳалари умумий савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бош бўғини бўлиб турибди. Масалан, жорий йил 24 январда Ўзбекистон ва Эроннинг тегишли идоралари ўртасида темир йўлда ташиш ва халқаро транспорт-транзит йўлакларидан фойдаланиш масаласи юзасидан музокара ўтказилди. Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Эрон темир йўллари бош идоралари ҳамкорлиги бўйича Протокол имзоланди.
Тўқимачилик, аграр ва нефть саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қора металлургия, машинасозлик, енгил саноат ва тиббиёт ҳамкорликнинг муҳим, истиқболли йўналишлари ҳисобланади.
Хулоса шуки, Ўзбекистон - Эрон муносабати икки томон манфаатига жавоб беради. Давлатларимиз иқтисодиёти барқарор ўсишида, ҳамкорлик тараққий этаётганида минтақамиз ҳудуди ва атрофида тинчлик, барқарорлик йўлида қулай шароит яратишга умумий интилишимиз намоён бўлмоқда.
Халқаро шарҳловчи
Аброр Ғуломов тайёрлади.
ЎзА