Ўзбекистон Республикасининг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили, Элчи Абат Файзуллаев ЕХҲТ Бош котиби Хельга Шмид билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги муносабатнинг кенг доираси, жумладан, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболи муҳокама қилинди.
ЕХҲТ Бош котиби Ўзбекистоннинг ташкилот билан ўзаро алоқаларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатини юқори баҳолади ва тузилма мулоқотни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатда катта ютуққа эришилгани ва Ўзбекистон ҳамда ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли бир қатор йўналишларда фаол ривожланаётгани қайд этилди.
Томонлар ёшлар масаласи бўйича шерикликни янада чуқурлаштириш ҳамда гендер тенглигини таъминлашга содиқлигини Швециянинг ЕХҲТга раислиги устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқлади.
Якунда Хельга Шмид ЕХҲТ Котибияти Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ва тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.
ЎзА