Ўзбекистон – дўстлик ва биродарлик улуғланган юрт
Бухоро вилояти ҳокимлиги, Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фонди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги олдидан “Ўзбекистон – дўстлик ва биродарлик улуғланган юрт” шиори остида маданий–маърифий тадбир ўтказилди.
Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, депутатлар, нодавлат–нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, миллий–маданий марказлар аъзолари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Кўҳна ва боқий Бухоронинг Нодир Девон Беги тарихий ансамбилида ташкил этилган тадбирда Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган бу йилги Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишига алоҳида эътибор қаратиб, юртимизда 30 июлни – “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди.

Тарихи бир неча минг йилликларга туташ кўҳна ва боқий Бухоро ҳам қадим шарқ цивилизацияси бешикларидан бири сифатида асрлар давомида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маскани бўлиб келган.
Бухорода маҳаллий аҳоли билан биргаликда яҳудий, форс-тожик, қозоқ, туркман, араб, юнон ва бошқа миллат вакиллари тинч-тотув умргузаронлик қилмоқда. Аждодларнинг бағрикенглик анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда бугунги кунда ҳам вилоятда 40 дан ортиқ миллат вакиллари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилаётир.
Вилоятда 11 та миллий-маданий марказ фаолият юритмоқда. Мазкур марказ аъзоларининг ватанимиз тараққиёти йўлида қилган меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Наталья Чапанашвили, Ирина Котова, Алихан Умаров, Байрамгул Маратова, Олим Раҳматов, Жума Шукуров, Светлана Аҳмедова, Нишон Отамуродов сингари вилоятдошларимиз турли йилларда нуфузли давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Шу билан бирга Гавҳар Жарилкасимова, Бахтиёр Наврўззода, Илҳом Шукуров, Зебо Ҳасанова, Шавкат Раззаков, Алишер Гаффаров каби фан фидойилари илмий унвон ва даражаларга сазовор бўлди.
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вилоятдан сайланган депутатларнинг 2 нафари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатларининг 2 нафари ҳамда шаҳар ва туманлар кенгашлари депутатларининг 6 нафари бошқа миллатга мансуб фуқаролар эканлиги, қонун ижодкорлиги ва маҳаллий бошқарув тизимида ҳам уларнинг ўрни нечоғли залворли эканлигидан далолат беради.
Вилоятдаги олий ўқув юртлари талабаларининг 972 нафари, битирувчиларининг 36 нафарини бошқа миллатга мансуб ёшлар ташкил этаётгани ҳудуднинг келгуси иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ушбу қатламдаги ватандошларимизнинг хизмати янада юксак бўлишидан далолатдир.
Маданий тадбир давомида вилоятда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар ўзларининг урф-одатлари, маросим ва удумлари, анъаналари қадриятларидан иборат концерт дастурини намойиш этди.
Зариф Комилов, ЎзА