Ўзбекистон Coca-Cola кубоги. Финалда «Насаф» ва «Пахтакор» курашади
Ўзбекистон Coca-Cola кубогининг ярим финал ўйинлари бўлиб ўтди.
Олмалиқ шаҳрида АГМК ва «Насаф» жамоалари ўзаро куч синашишди. Тенг курашлар остида ўтган учрашувнинг асосий вақтида дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди. Қўшимча бўлимларнинг 94-дақиқасида меҳмонлар вакили Алибек Давронов ҳисобни очган бўлса, 120-дақиқадан кейинги бош ҳакам қўшиб берган тўрт дақиқаликда Андрия Калудероввич пенальтидан ҳисобни оширди. Аслида пенальти бўлишидан саноқли сониялар олдин майдон эгалари қаршиликлар дарвозасини нишонга ола билишганди. Бироқ бу гол инобатга олинмади. Боиси бироз олдинги вазиятда мезбонлар дарвозабони Валижон Раҳимов Жўрабек Манноновга нисбатан қўпол ўйнагани VAR ҳакамлари томонидан маълум қилинди. Бош ҳакам нинг VARга мурожаатидан кейин гол бекор қилинди ва аксинча, майдон эгалари дарвозасига пенальти белгилади. Шу тариқа «Насаф» қийин ўтган ўйинда ғалаба қозониб, финалнинг дастлабки иштирокчисига айланди.

«Пахтакор» ва «Бунёдкор» жуфтлик ўйини биринчиси каби 120 дақиқадан ортиқ давом этди. Фақат олдингисидан фарқи бу гал ғолиб жамоа пенальтилар баҳсида аниқланди. Ўз майдонида «Бунёдкор»ни қабул қилган «Пахтакор» учрашувнинг асосий вақтини 1:1 ҳисобидаги дуранг билан тугатди. Эътиборли жиҳати, жамоанинг тажрибали легионери Драган Черан биринчи бўлим ярмидаёқ жамоадошларини хавотирга солиб майдонни қизил карточка туфайли тарк этганди. Бир киши кам бўлишига қарамай «шерлар» «қалдирғочлар»га бас кела олишди. Учрашувнинг қўшимча вақти сўнгги сонияларида майдон эгаларидан яна бир ўйинчи Шерзод Аъзамовнинг ҳам четлатилиши жамоага деярли таъсир кўрсатмади, негаки ўйин деярли тугаб бўлганди. Бу ёғи «лоторея» – ким гол ура олса ютади, уролмаса қайтади. Тўп тепишни «Бунёдкор» аъзолари бошлаб беришди. Шаҳбоз Эркиновнинг дастлабки зарбасини маҳоратли дарвозабон Санжар Қувватов қайтара олди. Қолган барча тепилган тўплар голга айланди. Ва айнан биринчи хато туфайли «Бунёдкор» Кубокдаги юришини ярим финалда тўхтатди.

Ўзбекистон Coca-Cola кубоги.
Ярим финал. 24 ноябрь, чоршанба
АГМК – НАСАФ - 0:2 (асосий вақт – 0:0, қўшимча вақт – 0:2)
Олмалиқ. «ОКМК» стадиони. 4003 томошабин.
Голлар: Алибек Давронов, 94 (0:1), Андрия Калудерович, 120+4-пен. (0:2)
Амалга оширилмаган пенальти: Хусайн Норчаев, 39 («Насаф»)
ПАХТАКОР – БУНЁДКОР - 1:1 (1:1). Пенальтилар бўйича - 5:4.
Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 3990 томошабин.
Голлар: Хуршид Ғиёсов, 29 (0:1), Ҳожимат Эркинов, 41 (1:1) .
Шу тариқа мусобақанинг ҳал қилувчи «Пахтакор» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги финал учрашуви 4 декабрда ташкил этилади. Ўйин бетараф майдон сифатида Самарқанддаги «Динамо» стадионида ўтказилади.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА