Ўзбекистон – Буюк ипак йўли маржони
Дания қироллигининг Орхус шаҳрида шу мавзуда фотокўргазма бўлиб ўтмоқда.
Унда ҳамюртимиз, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, истеъдодли фоторассом Ҳусниддин Ато томонидан ишланган 60 дан зиёд фотосурат намойиш этилмоқда.
Фотосуратларда юртимизнинг қадимий анъана ва қадриятлари, Бухоро, Самарқанд ва Хива обидалари, миллий амалий санъат, ҳунармандчилик намуналари, ўзбек таомлари акс эттирилган.

Фотокўргазмага ташриф буюрганлар экспозицияни томоша қилиб, Ўзбекистонга хаёлан саёҳат қилгандек бўлади.
Бадиий академия матбуот хизматига кўра, кўргазманинг очилишида лойиҳа координаторлари ва фоторассом томонидан иштирокчиларга Ўзбекистон ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Шунингдек, маросимга келганлар ўзбек миллий таомлари – патир, лочира нонлари, кўк чучваралар, Риштон сопол идишларидаги ширинликлардан баҳраманд бўлишди.

Орхусдаги ўзбек дизайнери, уюшма фаол аъзоси Зулфизар Аҳмедова ипак атлас ҳақида суҳбатлашиб, тиккан адрас либослари билан ҳам танишдилар.
Ушбу фотокўргазманинг асосий мақсади юртимиз бой маданиятини дунёга танитиш, Данияда истиқомат этаётган ўзбек фарзандларининг она юрти ҳақидаги билимларини бойитиш, юртимиз туристик салоҳиятини кенгроқ намойиш этишдан иборатдир.
Фоторассом Ҳусниддин Ато Бельгия, Испания, Латвия, Эрон ва Япония каби мамлакатларда ҳам шахсий фотокўргазмаларини тақдим этган эди.

Н.Усмонова, ЎзА