Мамлакатимизда электр энергияга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, аҳоли ва истеъмолчиларнинг энергияга бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш мақсадида давлатимиз зарур чораларни кўрмоқда. Хусусан, юртимизда “яшил энергетика” манбалари – гидро, қуёш, шамол ва атом электр станцияларини қуриш ишлари шулар жумласидандир.
Дунё бўйича АЭСлар ишлаб чиқараётган электр энергия 20-25 фоизни ташкил этади. Олимларнинг таъкидлашича, яқин ўн йилларда атом энергияси қулай ва экологик жиҳатдан нисбатан тоза бўлган энергия манбаи бўлиши мумкин.
ЎзА мухбирининг “Ўзатом” агентлиги Атом энергетикаси ва ядро технологиялари бошқармаси бошлиғи Қосим ТЎХТАХУНОВ билан суҳбати дунёда АЭСлар фаолияти ва унинг электр энергия ишлаб чиқаришдаги ўрни, яратилаётган ядро технологиялари ҳамда мамлакатимизда биринчи АЭС қурилиш лойиҳаси ҳақида бўлди.
– Бугунги кунда кўплаб давлатларда атом энергетикаси яхши ривожланган. Лекин шунга қарамасдан, айрим давлатларда АЭСлар фаолияти тўхтатилаётган бўлса, яна бир қатор мамлакатлар эса ўз иқтисодий ривожини АЭСлар қурилиши билан боғламоқда?
– Ҳозирги кунда бир хил давлатлар АЭСни ривожлантиришдан воз кечган, – деди Қ.Тўхтахунов. – Бундай қараб чиқадиган бўлсак, шундай давлатлар дунёда иккита: бу – Италия билан Литва. Мутлақо АЭСни ривожлантирмаймиз, атом энергетикаси бизга керак эмас, деган расмий шаклда муносабатини билдирган. Кўп бор Германия тўғрисида гапиришади, лекин бу давлат АЭСдан воз кечмаган. Ҳозирги кунда ҳам бу давлатда АЭС ишлаб турибди. Бу давлатда ишлаётган АЭСлар асосан иккинчи авлодга мансуб. Улар ўтган асрнинг 70-80-йилларида қурилган.
АЭСлар фаолияти қирқ йилга мўлжалланган. Уларнинг фаолиятини давом эттириш ёки эттирмаслик мумкин. Бунинг икки йўли бўлиб, бир йўлини реновация деймиз, бу дегани ҳозирги кунда МАГАТЭнинг талаблари ва хавфсизлик бўйича, бундан ташқари, ишлаётган ускуналар мос келса, бу авлод станциялари умрини яна 20 йилга чўзиш мумкин. Кўп давлатлар шу йўлни танламоқда.
Европада Венгрия, мана ҳозир Болгария имзо чекди. Финляндия ҳам қўшилди. Бу давлатлар учинчи ва 3 “+” авлодига мансуб янги АЭСлар қурмоқчи. Швеция, Франция, Буюк Британия, Бельгия давлатлари реновация ишларини олиб бориб, ўтган асрннг 70-80-йилларида барпо этилган иккинчи авлодга мансуб реакторларнинг яшаш даврини чўздирди. Бу дегани МАГАТЭнинг талаблари ва хавфсизлик талаблари бўйича модернизация ишларини олиб бориб, реакторларини яна қайта ишга туширди.
Ҳозир асосий АЭС қурилишлари Осиё давлатларида амалга оширилмоқда. Хитой саккизта энергоблокни, ўзининг конструкциясини қурмоқда. Яна тўрттасини “Росатом” давлат корпорацияси қуриб беряпти. Бангладеш, Туркия, Миср давлатлари ҳозир атом энергетикасини ривожлантириб, янги учинчи ва 3 “+” авлодига мансуб реакторларни қуриш ишларини олиб бормоқда.
Литва яна АЭС қурмоқчи бўлди, лекин ҳозир имконияти йўқ. Ишлаб турган бор станцияларини ҳам тўхтатди. Бу уларнинг парламенти ва халқининг танловидир. Бу давлатлар электр манбаларини сотиб олмоқда. Италияни оладиган бўлсак, асосий энергияни Франциядан олади. Чунки Францияда 70 фоиздан кўп атом генерацияси ҳисобланади. Литва ҳам ЕИдан сотиб олади. Балки Беларусдан сотиб олишга мажбур бўлади. Беларусь давлати 1200 МВтли 3 “+” авлодига мансуб реакторнинг биринчи блокини ишга тушириш бўйича синов ва эксплуатация ишларини тўлиқ якунлади.
– Бугун атом энергетикаси “яшил энергетика” манбаи сифатида қаралаётган бўлса-да, унинг ишлаб чиқарилиш хавфи, асоратлари ҳақида муносабатлар сира ўзгармади. Сизнинг фикрингизча, келажакда бутунлай хавфсиз АЭСлар яратилиши мумкинми?
– Келинг, аввало, экологик тоза дегани нималигини тушуниб олайлик. Бизда “яшил квадрат” деган тушунча бор. Бу ишлаган фаолиятида мутлақо ёқилғи ёқмасдан СО2 атмосферага чиқармайдиган генерацияни “яшил квадрат” дейилади. Бу сув, гидроэнергетика, қуёш, шамол ва атом энергетикасидир.
Атом энергетикаси бўйича кўпинча радиация тўғрисида жуда кўп саволлар туғилади. Радиация ўзи нима? Бу дунёда радиация бўлмаган жой ерда йўқ. Чунки радиация ҳар доим космосдан, қуёш нуридан келади ва ернинг тагидан чиқади. Ҳатто инсон организми ва еган маҳсулотида ҳам радиация бор.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/d-kwGcDTy6Y" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Меъёр бўлиш керак. Бизнинг атом электр станцияни оладиган бўлсак, бизлар ишлаганда чиқадиган радиация МАГАТЭнинг талабидан ошиши керак эмас. МАГАТЭнинг талаби табиий фондан бир неча баробар пастдир. Шунинг учун эксплуатация пайтида чиққан радиация бизда жуда паст. Мисол учун, самолётда учганингизда 10 баробар радиация оласиз, МРТдан ўтганда радиация оласиз. Телефон, компьютер ҳам радиация. Бу ҳам радиациянинг бир тури.
Яна қайтариб ўтаман, бизнинг АЭСдан чиқадиган радиация фони мана шулардан камдир.
– Бугунги кунда яратилаётган ядро технологиялари аввалгиларига нисбатан қандай афзалликларга эга? Бу борада қайси давлатлар етакчилик қилмоқда?
– Мана бу йил биринчи атом электр станциясининг ишга туширилганига ҳам 75 йил бўлди. У 1956 йил (собиқ СССР) Россиянинг Омск шаҳрида туширилган бўлса, атом энергетикаси жуда катта босқичдан ўтди. Ўтган асрнинг 70-80 йилларда шунақа давр бўлганки, ҳар 17 кунда битта энергоблок ишга тушар эди. Тасаввур қилинг, ҳар 17 кунда дунёда биттадан энергоблок ишга туширилган.
Ҳозирги кунда биринчи навбатда хавфсизлик. Бугунги кунда қурилаётган АЭСларда 40 фоиз харажат хавфсизлик тизимига сарфланади. Атом энергетиканинг бош этапларида асосан АҚШ, Франция, Буюк Британия, Россия, Канада давлатлари қуришар эди.
Ҳозирги кунда яратиладиган реакторлар бу учинчи авлод. Бу технологияга Хитой, Жанубий Корея ва Франция эга. 3 “+” технологиясига эса фақат “Росатом” давлат корпорацияси эга.
– Навбатдаги саволим мамлакатимизда бошланган лойиҳа билан боғлиқ. Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича ишлар бошлаган. Бу ҳақида хорижий ва маҳаллий экспертлар ўзларининг фикрларини билдирган ва айни дамда ҳам муносабатлар билдириляпти. Уларнинг фикрича, мана шу лойиҳа амалга ошгандан кейин Ўзбекистон Марказий Осиё бўйича атом энергетикасини ривожлантириш борасида етакчилик қилади. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
– Шу фикрга қўшилмайман. Ядро технологияси бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда эмас, балки бутун Осиёда биринчи реактор ўрнатган давлатдир. Бизда 1959 йилда биринчи реактор қўйилган. Ядро технологияси бўйича Ўзбекистон жуда кўп ишларни олиб борган ва бу борада етакчи давлатлар сафига ўтган асрнинг 60-йилларида кирган.
Энергетикани оладиган бўлсак, бу тўғри. Марказий Осиёда бу биринчи АЭС эмас. Чунки Қозоғистоннинг собиқ Шевченко шаҳрида биринчи АЭС қурилган. БН-350 тез нейтронли тўртинчи авлодга мансуб, экспериментал реактори 20 йил ишлаган.
Энди Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси ҳақида гапирадиган бўлсак, шубҳасиз, бизга синергетик эффект беради. Синергетика – шунинг орқасидан саноат, илм-фан ривожланади.
– Халқимиз орасида АЭС лойиҳаси бўйича турли фикрлар мавжуд. Бу ҳақда ким томонидан ва қандай тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиши зарур, деб ўйлайсиз?
– Менинг фикримча, аввало, ҳар бир кишида энергетика соҳаси бўйича тушунча бўлиши керак. Ўтган йили пандемиядан олдин олий таълим даргоҳларига бориб, тушунтириш ишларини олиб бордик. Қизиқиш жуда катта бўлди. Тўғри, бу асосан техника йўналишидаги олий таълим муассасаларидир. Ёшларимиз ҳамиша янгиликка интилади.
Энергетика – бу тизим. Бу тизимда ишлаб чиқариш, генерация деймиз, етказиб бериш ва истеъмолчи бор. Бу тизимни, генерацияни ўзгартирсак, мана ҳозир етказиб беришга жуда катта маблағ сарфлаяпмиз. Бу тизимнинг учинчи элементи – истеъмолчи ўзининг фикрини – энергетика масаласига қарашини ўзгартирмагунча, биз катта натижага эга бўлолмаймиз.
Энергетика хавфсизлигининг талаби – диверсификация. Бу дегани бизда ҳозирги кунда газ 80 фоиз энергия ресурсимиз ҳисобланади. Битта энергия ресурсига қараб қолганмиз. Бу мумкин эмас. Гидро, қуёш, шамол бўлиши керак. Меъёрида. Ундан ташқари, АЭС бўлиши керак. Кўмир, газ бўлиши керак. Диверсификация мана шу ишларни олиб бориши зарур. Мана шулар бўйича халқимизда тушунча бўлиши лозим. Шундагина энергия ресурслари– газ, электр энергия ва қолган ресурсларни фақатгина саноатга эмас, ҳозир саноатга ҳам етмаяпти,аҳолига ҳам етказиб беришга эришамиз.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА