Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган “Human Capability Initiative-2025” халқаро форумида иштирок этмоқда.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, форумнинг илк кунидаёқ, Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 40 миллион долларлик грант шартномаси имзоланди. Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Муҳаммад ал-Жассар билан учрашувда ИТБ келажак авлод учун яхшироқ таълим имкониятлари яратишда Ўзбекистон ҳукуматининг ишончли ҳамкори бўлишдан мамнунлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони валиаҳди, бош вазири Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳомийлигида ҳар йили ўтказиладиган ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг турли нуқталаридан келган иштирокчилар таълим, иқтисодиёт, технология соҳасидаги муаммолар, уларга инновацион ечимлар топишга қаратилган масалаларни муҳокама қилади. Эътиборлиси, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида мазкур нуфузли тадбирга таклиф этилган ягона давлат.
Шунингдек, учрашув натижасида “Global Partnership for Education” (GPE) томонидан таълим соҳасида грант шартномаси имзоланди. Лойиҳанинг асосий йўналишлари республикамиз бўйича 58 та янги инклюзив мактаб қурилиши, мактабларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича дастурлар, инклюзив таълимни ривожлантириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда мактабгача таълим сифатини оширишдан иборат.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА