Таниқли журналист Муҳаббат Ҳамидова болалардек беғубор, софдил, ҳаётдан доим яхшилик излайдиган, ўзгаларга ҳам мудом яхшилик соғинадиган, оптимист, қувноқ ижодкорлардан саналади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида болаларнинг таниқли ёзувчиси Муҳаббат Ҳамидова таваллудининг 70 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуманда ижодкорнинг шу каби фазилатлари эътироф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ижодкор борки, бари болалар адабиётидан илҳом, завқ олишини таъкидлади.
– Адабиёт оламида қалам тебратаётган ижодкор борки, бари болалар адабиётидан мудом миннатдор, – деди Минҳожиддин Мирзо. – Болалар адабиёти энг гўзал оламларга туташ дунёдир. Бу адабиёт инсон камолотида ўзига хос пиллапоя бўлиб хизмат қилмоқда. Муҳаббат опа Ҳамидова болалар адабиётида ўз ўрнига, ўз сўзига, ўз овозига эга бўлган ижодкордир.
– Муҳаббат опа қуёшли қалб соҳибасидир, – деди болалар адибаси Кавсар Турдиева. – Биз доим унинг самимий, меҳрибон сўзларига эҳтиёж сезамиз. Ҳеч қайси ижодкорнинг ёзганларини Муҳаббат опа ҳеч қачон рад этган эмас. Ёш ижодкорлардан ўз кўмаги, маслаҳат ва насиҳатлари, йўл-йўриқларини аямайди.
Муҳаббат опанинг 1983 йилда нашр этилган илк китоби – “Изингиздан борамиз“ қиссаси ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинган. Бу эса адибани янада кўпроқ ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишга даъват этди. Ёш китобхонлар томонидан севиб ўқилиб, уларнинг китоб жавонларидан ўрин олган “Сеҳргар бола“, “Мақтанчоқ жўжа“, “Ҳакка холанинг ҳангомаси“, “Топишмоқми ёки тез айтиш“ каби китобларнинг муаллифидир.
Муҳаббат опа Ҳамидова ташаббуси билан болалар журнали қошида “Жажжи жилғалар“ тўгараги ташкил этилиб, мазкур тўгаракда таҳсил олган қизларнинг аксарияти Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ топилган.
Муҳаббат опанинг публицистик ижод намуналари “Йилнинг энг яхши журналисти“ танловида юксак эътироф этилиб, ижодкор совринли ўринга сазовор бўлган.
Адиба “Янги уч оға-ини ботирларнинг саргузаштлари“ қиссаси учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Болалар учун ёзилган энг яхши китоб“ танловида биринчи ўринга сазовор бўлган.
Адибанинг ҳикоялари “Ўзбек болалар антологияси“нинг сўнгги нашридан жой олган. Ҳикоялари рус, қозоқ ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Болаларнинг севимли ёзувчиси Муҳаббат Ҳамидованинг ижодий фаолияти истиқлол йилларида юксак қадрланиб, у “Шуҳрат“ медали, иккинчи даражали “Соғлом авлод учун“ орденига сазовор бўлган.
Анжуманда устоз журналист ва адиба Муҳаббат Ҳамидова ижоди ҳақида батафсил сўз юритилди. Унинг завқ ва самимиятга тўла шеърларидан намуналар ўқилди.
Назокат Усмонова, Аҳмаджон Эргашев (сурат), ЎзА