18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун
Байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқда мустақиллик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Хусусан, аждодларимиз юрт байроғини муқаддас билиб уни ардоқлаганлар, кўз қорачиғидек сақлаганлар.
Бугун БМТ биносида унга аъзо бўлган 193 мустақил давлат қатори Ўзбекистоннинг ҳам байроғи ҳилпираб турибди. Аслида ҳар бир байроқнинг ўз тарихи, у мансуб бўлган юрт сувратию сийратига монанд қиёфаси бор.
Байроғимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги ўзига хос маънога эга. Ундаги мовий ранг куч-қудратни, тинчлик ва барқарорликни ўзида акс эттиради. Оқ ранг поклик, беғуборликни ифодалаб келган. Яшил ранг эса, яшариш ва янгиланиш рамзи, шунинг баробарида она табиатимиз, асрий қадриятларимиз, иймон-эътиқодимиз тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар томиримиздаги аждодлар қони – мангулик нишонасидир.
Байроқ атамаси эски туркий атама бўлиб, у бундан минг йиллар аввал ҳам айнан шу маънода қўлланган. Тилшуносларнинг айтишича, бу ном қадимги туркчада базирақ, бадироқ, батироқ тарзида ҳам қўлланган. Яъни, байроқ бирор эл-улус, қавмнинг эркинлик белгиси бўлиб, у баланд жойларга, ҳукмдорлар чодирига ўрнатиб, санчиб (ботириб) қўйилган. Уни туғ, ялов, санчоқ (санжоқ) номлари билан ҳам атаганлар.
Тарихимизда ҳукм сурган турли сулолалар, давлатлар ҳам ўз байроқларига эга бўлган. Масалан, қадимги Кўктурк ҳоқонлиги, Амир Темур давлати байроғи мовий, қадимги аждодларимиз бўлган хунларнинг байроғи оқ, Ғазнавийлар давлати, Қўқон хонлиги байроқлари яшил, Туркистон мухторияти байроғи кўк ва қизил рангларда эди. Бинобарин, байроғимизни қабул қилишда, унда муайян рангларни белгилашда тарихий анъаналаримизга алоҳида урғу берилган.
Ҳилол ва юлдузлар давлат байроқларида жуда кенг тарқалган белгилар саналади. Бу рамзлар ўзбек давлатчилиги тарихидаги кўпгина давлат байроқларида ўз аксини топган. Ўзбекистон байроғидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз ҳам ўзига хос мазмун-моҳият касб этади.
Қадимдан осмонда янги ой кўринганда яхши ниятлар билдириш кўпгина туркий халқларга хос ҳисобланади. Ҳилол эзгулик, орзу- умидлар, умрбоқий анъаналар ва Ислом дини тимсолидир. Кўҳна Шарқда қадимдан ўн икки рақами мукаммалликни, комилликни англатиб келган. Ўн икки ой, ўн икки бурж... "Темур тузуклари"да ёзилишича, Соҳибқирон ўз салтанатини ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамлаган, давлат бошқарувида ўн икки тамойилга қатъий амал қилган. Азалдан ўн икки ёшга тўлган гўдак бир мучал яшаган, балоғатга етган ҳисобланади.
Соҳибқирон Амир Темур салтанатида ҳам байроқ давлат ва миллатнинг ғурури саналган. Уч ҳалқа тасвири туширилган давлат туғи Соҳибқирон қўшинидаги энг ишончли баҳодирлар, саркардалар томонидан қўриқланган. Ғанимларга қарши жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган амиру сипоҳийларга ҳам махсус туғ ва ноғора ҳадя қилингани тарихий манбаларда ўз аксини топган.
Яқин тарихимизга назар соладиган бўлсак, ҳали собиқ тузум пайтидаёқ, 1990 йилнинг март ойида ўтган парламент сессиясида юртимизнинг давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилинган эди. Ўша йилнинг 20 июнь куни қабул қилинган Мустақиллик декларациясида ҳам Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини ўзи белгилаши, байроқ, герб, мадҳия сингари рамзларни ўзи таъсис этажаги қайд этилди.
Ватанимиз мустақилликка эришган дастлабки паллада – 1991 йилнинг 18 ноябрида Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, байроғимиз давлат суверенитетининг рамзи бўлиб қолди.
2018 йилнинг октябрь ойида байроғимиз яна бир халқаро ташкилот – Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ҳозирда Туркий давлатлар ташкилоти)дан ҳам ўрин олди. Дарвоқе, ушбу халқаро ташкилот байроғи ҳам унга аъзо бўлган давлатлар байроқларидаги ранглар ва шакллар уйғунлигидан ташкил топган. Туркий кенгаш туғидаги оқ ва мовий ранг, ҳилол тасвири юртимиз байроғига ҳамоҳангдир.
...Ҳеч эсимдан чиқмайди: бундан тўрт-беш йил муқаддам ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар малака ошириш учун Туркия Республикасига борган эдик. Туркий халқларнинг маданий ҳамкорлиги ташкилоти – ТУРКСОЙ биносида ўтказилган тадбир чоғида Ўзбекистон байроғини кўриб, ҳаммамиз тўлқинланиб кетган, шу байроқ олдида бирма-бир расмга тушгандик. Мен-ку, ўша пайти бирор ишни қойиллатмагандим, лекин ўзга юртларда, халқаро спорт беллашувларида ғолиб чиққан спортчиларимиз шарафига юрт байроғи баланд кўтарилган паллада қандай ҳолатга тушишини бирровга бўлса-да, тасаввур қилганман.
Бугун халқимизнинг, ёшларимизнинг байроққа, миллий рамзларга бўлган меҳри, садоқати ошиб бораётганини кўриб, хурсанд бўлиб кетамиз. Масалан, бундан уч-тўрт йил аввал ёз ойларида бир қўшни давлатдаги мусобақа чоғида ҳакам ўзбек байроғига ҳурматсизлик кўрсатгани бутун ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирган, ниҳоят ҳакам интернет орқали чиқиб, бутун ўзбек халқидан кечирим сўраган эди...
Хуллас, Байроқ куни барчангизга муборак бўлсин...
Рустам ЖАББОРОВ.
ЎзА