Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати (+видео)
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази футбол майдонида “Янги Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” шиори остида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ўртасида “Миллий гвардия кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан ташкил этилган мазкур мусобақа Президентимиз раҳбарлигида 2025 йил 15 май куни бўлиб ўтган мактаб таълими тизимидаги ислоҳотларга бағишланган видеоселектор йиғилишида эълон қилинган “Долзарб 90 кун” дастури асосида бўлиб ўтди.
— Ушбу дастур доирасида 1 июндан 30 августгача мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилади. Мазкур футбол мусобақаси эса ушбу чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир, — дейди Миллий гвардия офицери Шаҳбоз Мирзаев.
Футбол мусобақаси икки босқичда бўлиб ўтди. Биринчи босқичда пойтахтимиз ва унга туташ бўлган ҳарбий қисмлардаги шахсий таркиб фарзандлари ўртасида энг яхши жамоалар саралаб олинди.
Иккинчи босқич пойтахтимиздаги Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази футбол майдонида ташкил этилди. Унда 8 та жамоа 8 нафардан бола билан иштирок этди. 2 кун давомида бўлиб ўтган баҳсларда барча жамоаларнинг болалари қайсидир жиҳатдан кучли эканини амалда кўрсатиб беришди.
Умумий олганда икки босқичда 300дан ортиқ болалар мусобақаларга қамраб олинди. Якунда “Пахтакор” ва “Қалқон” жамоалари финалда куч синашди. Болажонларга хос қувончларга бой бўлиб ўтган баҳсда 3:0 ҳисобида “Қалқон” жамоаси ғалаба қозонди. 3-ўринга эса Миллий гвардия Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси жамоаси сазовор бўлди.
Мусобақада ғолиб бўлган жамоалар ва номинациялар бўйича энг яхши деб топилган болалар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль, кубок ва совғалар билан тақдирланди.
Бу каби тадбирлар Миллий гвардия ҳудудий бошқармалари томонидан республикамизнинг барча вилоятларида ёшларнинг таътилдаги бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида мунтазам ўтказилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ddIPcEvjPZs" title="Oʻzbekiston – baxtiyor bolalar mamlakati" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, ЎзА