Ўзбекистон Бадиий академияси – 29 ёшда
Мамлакатимиз мўйқалам соҳиблари, нафис санъат ижодкорлари, ҳайкалтарош, дизайнер, амалий ва тасвирий санъат усталарининг бошини қовуштиришда, уларни янгидан-янги асарлар яратиш сари руҳлантиришда Ўзбекистон Бадиий академиясининг ўрни беқиёсдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан 1997 йил 23 январь куни Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил этилган эди.
Бундан 29 йил муқаддам ташкил этилган ушбу ижодий тузилма салкам ўттиз йилдирки, мамлакатимиз ижодий ташкилотлари орасида энг самарали, фаол, баракали ишлаётган ташкилотлар сирасига киради.
Бадиий академия мамлакатимиз ҳудудида қадимдан шаклланган тасвирий ва амалий санъат мактаблари, анъаналарини қайта тиклаш, уни янада равнақ топтиришдек шарафли юмушга улкан ҳисса қўшиб келаётгани эътиборга моликдир. Айни пайтда юртимиздаги рассомлар, дизайнер ва ҳунармандлар, амалий ва тасвирий санъат усталари ижодини фаол қўллаб-қувватлаш, уларни янги асарлар сари руҳлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
Бадиий таълимни замон руҳига монанд тарзда йўлга қўйишда, тасвирий санъатга меҳри баланд ёшлар ижодини фаол қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий изланишларига қанот бағишлашда академия томонидан ўтказилаётган ижодий лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, Бадиий академия тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, қатор ихтисослашган ўқув даргоҳлари ёшларнинг тасвирий ва амалий санъат, замонавий дизайнерлик ва бошқа тааллуқли йўналишларда билим ва салоҳиятини тобора ошириш ва бойитишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кейинги йилларда Бадиий академия томонидан ёш рассомларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳажми тобора ортгани эътиборга моликдир. Академия ҳузурида ташкил этилган ижодий устахоналар мўйқалам соҳибларининг янада самарали ижод қилиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Ижод аҳлига кўрсатилаётган чексиз эътибор натижасида мамлакатимиз рассомлари, уста ва ҳунармандлари юртимизда қад ростлаётган иншоотлар, муҳташам маърифий масканлар, музейлар, маданият ва санъат муассасаларининг замонавий, ҳам бетакрор миллий кўриниш касб этишида муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу жиҳатлар давлатимиз раҳбари ғояси ва ташаббуси асосида бунёд этилган Ўзбекистон халқаро ислом цивилизацияси маркази, мутлақо янги қиёфа, муҳташамлик касб этган Имом Бухорий мажмуаси ва бошқа объектларда ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан мунтазам ўтказилаётган маърифий лойиҳалар, бадиий кўргазмалар, Тасвирий ва амалий санъат ҳафталиклари, халқаро биенналелар, ижодий танловлар халқимиз ва дунё жамоатчилигини мамлакатимизда кейинги салкам ўн йил давомида кечаётган бадиий ижодий янгиланиш жараёнлари, мўйқалам соҳиблари, уста ва ҳунармандларнинг ижодий ишлари билан яқиндан таништиришда, энг яхши бадиий асарлар билан ҳамюртларимизнинг баҳраманд бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бадиий академия томонидан жаҳоннинг кўплаб давлатлари ижодий ташкилотлари, тасвирий санъат соҳасидаги энг нуфузли олий ўқув юртлари, рассом ва дизайнерлари, ҳайкалтарошлари билан узвий ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон тасвирий санъатини дунёга тарғиб этиш, ижодий мулоқотнинг тобора кенгайишида янги истиқболларни очмоқда.
Мазкур тузилма йилига юзлаб кўргазмалар, фотовернисажлар, ижодий ҳафталик ва танловлар, ижодий симпозиумлар, бадиий-маърифий анжуманларни ўтказиб келмоқда. Бу эса мамлакатимиз тасвирий ва амалий санъат усталари ижодий изланишда доим маррани баланд олиб меҳнат қилаётганларининг яна бир ёрқин амалий ифодасидир.
Бугун мамлакатимиз барча жабҳаларда жадал тарзда янгиланиш йўлидан бормоқда. Жонажон Ўзбекистонимизнинг нафис санъат соҳасидаги ютуқларини тасвирий асар воситаларида жаҳонга тараннум этишда Ўзбекистон Бадиий академияси фаолияти ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётгани шубҳасиз.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири