Ўзбекистон-БАА: туризмда самарали ҳамкорлик
Президентимиз ташаббуси билан хорижий сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш доирасида Ўзбекистон Республикасининг БААдаги элчихонаси томонидан 10 минг нафар хорижий сайёҳларни жалб этиш параметрлари белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида шу кунларда Бухоро вилояти Маданият ва туризм бошқармаси вакиллари юртимизга сайёҳларни жалб қилиш ҳамда туризм йўналишида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турибди.
Бухоро делегацияси бир қатор учрашувларни амалга оширмоқда. Хусусан, делегация аъзолари БААнинг “AIR ARABIA” авиакомпанияси бош менежери Жамал Абдулносир билан учрашди. Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, Бухорога Абу Дабидан тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борди.

Маълумки “AIR ARABIA” авиакомпанияси Абу-Дабидан Тошкентга мунтазам рейсларни амалга оширади. Учрашув давомида ушбу авиарейсни Бухоро йўналишига боғлаш, яъни Тошкентга қўнган сайёҳ ўз турпакети бўйича саёҳатини Бухорода тугатиши ва қайтиб Тошкентга бориши ҳам вақт, ҳам ортиқча харажат талаб қилиши таъкидлаб ўтилди.

Бу Бухородан Абу-Дабига қўйиладиган рейс айнан мана шу муаммони бартараф қилиши, шу билан бирга, аҳолиси мусулмон бўлган БАА давлатлари асосан Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига қизиқишлари юқори бўлгани учун ўз саёҳатларини Бухородан бошлаб Тошкентда тугатишлари мумкинлиги. Бу эса, Абу Даби – Бухоро – Абу Даби рейсининг йўлга қўйилиши нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Шунингдек, учрашув давомида Бухоронинг туристик салоҳияти акс этган видеороликлар ва презентациялар тақдим қилинди. БАА томони ҳам бунга катта қизиқиш билан Бухорога рейсларни амалга ошириш истагини билдирди.

Мазкур лойиҳа “AIR ARABIA” авиакомпанияси, Ўзбекистон транспорт вазирлиги, Uzairports, Ўзбекистоннинг БАА даги элчихонаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилади.
Маълумот учун, “AIR ARABIA” 5 асосий марказдан ишлайди. Булар, БААнинг Шаржа, Рас ал-Хайма ва Абу Даби аэропортлари, Марокашнинг Касабланка шаҳридаги “Muhammad V” аэропорти, Мисрнинг Искандария шаҳридаги Бурж Ал-Араб халқаро аэропортларидир. Ушбу аэропортлар халқаро авиакомпаниялар ва арзон авиакомпанияларни дунё билан боғлаш бўйича узоқ йиллик сифатли фаолиятга эга бўлиб, компанияда 52 та Airbus А320 ва 6 та А321 Neo LR самолётлари мавжуд.
Учрашувлар давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА