Ўзбекистон аёлларига юксак эътибор
Оламда энг гўзал нарса нима? Албатта, бу саволга ҳар ким ўз ҳаётий кузатишларидан, ўз тажрибаларидан келиб чиқиб турлича жавоб беради. Мен бу саволга аёл қалби деб жавоб берган бўлардим. Чунки аёл юрагида тинчлик орзуси яшайди. Аёл қалби фарзандлар камоли, юрт осойишталиги, оилалар бағри бутунлиги билан боғлиқ энг гўзал умидларга ватан.

Гўзаллик гўзалликка интилади, кўркамлик кўркамликни топади, деганларидай аёл кўнглидаги ҳарорат, юрагидаги ғайрат, тафаккуридаги ёруғлик, меҳнат, яратиш, бунёдкорликка айланиб оилаларни обод қилади, жамиятни юксалтиради.
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонида мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, гендер тенглигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиши белгилангани аёлларни ниҳоятда қувонтиради, айни дамда зиммамизга жуда катта масъулият юклайди.
Аёлни улуғлаш – оилани, Ватанни, ҳаётни улуғлашдир. Бу қисқа ва мазмунли иборада аёлнинг дунё саҳнидаги ўрни, унинг зиммасидаги шарафли бурчи ва улуғ масъулияти ўз ифодасини топган. Тарихий манбалар ҳам миллатнинг кучи Ватан озодлиги ва инсон бахт-саодати мунис зотларнинг баркамоллиги билан белгиланганини кўрсатади.
Аёл – авлоднинг паноҳи, шажаранинг пайванд ҳалқасидир.
Қадимги Шарқ маърифат ва маънавияти ривожида аёллар беқиёс ўрин эгаллаган. Форс босқинчиларига қарши мардонавор курашган Тўмарис, араб истилоси даврида Бухоро ҳукмдори бўлган Подшоҳ хотин, Ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Улуғбекдек буюк зотларни жаҳонга берган табаррук оналар халқимиз қалбидан чуқур, тарихимиз саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллаган.
Бугун ҳаётимизнинг қайси жабҳасини олмайлик – ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ёки ишлаб чиқариш тармоқларида хотин-қизларнинг улуши ортиб бораётганининг гувоҳи бўламиз. Аёл – тадбиркор, ўқитувчи, иқтисодчи, шифокор, ҳуқуқ-тартибот ҳимоячиси, сиёсат, маданият ва санъат арбоби.
Баъзилар аёл киши жамиятда илми, ижоди, санъати билан баландроқ нуфузга эга бўлса, оиласи, фарзандларига қараш имконияти кам қолади деб ҳисоблайди. Бизнингча, чинакам Она-Аёл, айниқса ўзбек аёли фарзандлари, оиласи учун ҳар қандай вазиятда ҳам имкон топади. Чунки, билими баркамол аёл фарзанд тарбиясида ҳам, шубҳасиз комилликка интилади.
Она меҳр-муҳаббати билан камол топган одамда аёл зотига эҳтиром ўзгача бўлади. Шунга кўра, хотин-қизларнинг раҳбар лавозимлардаги улуши 35 фоизга етди, биргина 2022-2023 йилларда 398 минг нафарининг бандлиги таъминланди, 100 минг нафари имтиёзли асосларда олийгоҳларга қабул қилинди, 170 минг нафарига таҳсил олаётган олийгоҳларининг шартнома тўловлари учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилди, 14 минг нафари магистратурада бепул ўқитилмоқда, 198 минг нафари касбга ўқитилди.
Бундан ташқари, аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 225 мингдан зиёд лойиҳаларга 4,4 триллион сўмга яқин кредит, 40 мингга яқин хотин-қизларга жами 179,1 миллиард сўм субсидия ажратилди. 2020 йилдан бошлаб йўлга қўйилган “Аёллар дафтари” тизими орқали қарийб 2,5 миллиондан ортиқ хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш учун 5,1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. 11 мингдан ортиқ зўравонликка учраган хотин-қизларга тиббий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатилиб, улар реабилитация марказларида ижтимоий ҳаётга мослаштирилди.
Ютуқлар ўзимизники, бироқ оилани мустаҳкамлаш, аёлларимиз оғирини енгил, ҳаётда ўз ўринини топиб, ҳурмат-эътибор, эъзозда яшашлари учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўлами ва бу борада ечилмаган қатор муаммолар ҳамон мавжуд. Бу борада Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги "Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарори асосида бир қатор вазифалар ҳамкор ташкилотларга аниқ вазифалар, реал рақамларда кўрсатиб берилганлиги амалга ошириладиган ишларни аниқ натижасини аёллар ўз ҳаётида кўриб борилишига эришилади.
Хусусан, 2024-2025 йилларда 1 миллион 213 минг 820 нафар аёлларга касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик кўникмалари ва молиявий саводхонликка ўқитиш, ишга жойлашишга кўмаклашиш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кўмаклашиш, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишни рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш каби чора-тадбирлар аниқ рақамларда амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, 9 бўлимдан иборат 70 бандда белгиланган “Оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва бандлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш бўйича Йўл харитаси” да ҳам ҳамкор ташкилотларга аниқ белгиланган вазифалар ва ижро этиш механизмларигача кўрсатиб берилганлиги масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида, Президентимизнинг “Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади” – деган сўзлари орқали оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини янада оширишда ҳамкорликдаги ишларимизни янада жадаллаштиришга ундайди.
Шаҳноза Акрамова,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш кафедраси бошлиғи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор, подполковник,
ЎзА