Ўзбекистон – АҚШ: ўзаро ҳамкорлик ривожланмоқда
АҚШнинг Чикаго шаҳри мерининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари Сусана Ангелина Мендоза бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси Бухорога келди ва меҳмонлар Бухоронинг гўзал меъморий обидаларидан бири Ситораи Моҳи Хоссада бўлди.
Шундан сўнг меҳмонлар вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди. Учрашувда вилоят раҳбари меҳмонларни Бухорога ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон – Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлади. Сусана Ангелина Мендоза хонимнинг ташрифи ушбу жараённи янги босқичга олиб чиқишини қайд этди. Шунингдек, учрашувда Бухоро тарихи, унинг ривожланиш истиқболлари, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, имтиёзлар, қулай географик жойлашув ва иқлим ҳақида сўз борди.

Учрашувда хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ўзаро ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ва бошқа долзарб масалалар хусусида фикр алмашилди. Хусусан, хизмат кўрсатиш ва логистика соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар ўртага ташланди.

Ўз навбатида меҳмон самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш унинг энг муҳим вазифаларидан бири эканлигини қайд этди.
Зариф Комилов, ЎзА