Бугун юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ўзгариш, ислоҳотлар эпкини кузатилмоқда. Янги замон руҳи кириб бормаган, инсон манфаатига устувор аҳамият қаратилмаётган бирор-бир соҳа йўқ. Айниқса, сўнгги етти йилдаги тадрижий ривожланиш босқичларига назар солсак, уларнинг мазмун-моҳиятида халқимиз хоҳиш-иродаси, йиллар давомида фуқароларнинг тинчлик-хотиржамлигига тўсиқ бўлаётган оғриқли муаммолар ечими тургани янада аҳамиятлидир. Бир сўз билан айтганда, бундай тарихий эврилишлар ўз-ўзидан содир бўлмайди. Мазкур ислоҳотлар замирида аниқ ва режали мақсад, қатъият, кучли сиёсий ирода мужассам.
2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилингани Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Мазкур ҳужжат юртимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва улкан ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш долзарб аҳамият касб этади.
Янги таҳрирдаги Конституция давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 11 сентябрида имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга таянч восита бўлиб хизмат қилди дейиш мумкин. Зеро, фармон муқаддимасида “янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда”, деб алоҳида таъкидлангани бежиз эмас. Натижада юртдошларимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш устувор мақсад сифатида белгилангани қайд этилди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқларини ёдга олсак:
“Биз Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатимизни яна бир бор тасдиқладик.
Мана шундай ҳуқуқий асосда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясини қабул қилдик. Бу стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз”.
Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад ўз аксини топган бўлиб, мазкур ҳужжат орттирилган тажриба, халқаро экспертиза ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилди.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ушбу ҳужжатнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга қаратилган. Стратегияда белгиланган йўналишларнинг барчасида аҳоли, яъни халқ ва мамлакат манфаатлари биринчи ўринга қўйилди.
Жумладан, Стратегиянинг IV боби “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналишига бағишланди. Мазкур йўналиш бўйича 16 та мақсад (74-89-мақсадлар) доирасида 51 та амалий чора-тадбир ва 21 та вазифани ўзида қамрайди. Бунда маҳалла, маҳаллий давлат органлари, вакиллик органлари, давлат хизмати, фуқаролик жамияти институтлари, суд-ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, адвокатура, коррупция масалаларига оид 41 та мақсадли кўрсаткични ишлаб чиқиш ва 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш назарда тутилган. Хусусан, “Халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар” ҳамда “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар” каби бандларда бир қатор вазифалар белгиланди:
– Электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 100 фоизгача етказиш;
– “Электрон ҳукумат” тизимининг янги босқичи – “Рақамли ҳукумат” тизимига ўтилиб, барча ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклда бўлишини таъминлаш;
– Фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиши учун мурожаат қилишида ариза ёзиш, турли шаклларни тўлдириш каби ортиқча формал тартибларни бекор қилиш, давлат идоралари зарур ҳужжатларни электрон базадан ўзи оладиган тизим яратиш.
Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси нафақат юртимизнинг келгуси етти йиллик тараққиётини, балки унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатдир. Унда белгиланган мақсадларнинг ижроси ўз вақтида таъминланиши эса давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Эркинжон МАҲМУДОВ,
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи.
ЎзА