Ҳар қандай мамлакатнинг халқаро обрў-эътибори юксалишида, аҳоли турмуш даражасининг фаровонлиги таъминланишида, салоҳиятли мутахассис кадрларнинг тайёрланишида иқтисодий омилларни тўғри прогнозлаштириш орқали ривожланиш тамойилларини белгилаб олиш муҳим саналади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Барқарор иқтисодий ривожланиш ва Ўзбекистон – 2030 стратегиясининг устувор йўналишлари” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда мавзуга доир илмий таклиф ва амалий тавсиялар илгари сурилди. Жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари ҳолати, ривожланиш жараёнларининг қиёсий таҳлили, глобал экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган тизимли тадқиқотлар, миллий иқтисодиётни рақамлаштириш ва инновацион ривожланиш моделига ўтишнинг устувор йўналишлари хусусида сўз юритилди.
Маҳаллий ҳамда хорижлик олимлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, олиб борилаётган илмий изланишлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўрсатиб ўтилганини таъкидлади.
[gallery-22989]
Конференция шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. АҚШ, Россия, Малайзия, Жанубий Корея ва мамлакатимиз олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган олимлар иштирокида “Яшил инвестициялар”, “Яшил иқтисодий ўсиш”ни таъминлашнинг глобал, миллий ва минтақавий муаммолари”, “Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва сифатини яхшилашнинг устувор йўналишлари”, “Жаҳон иқтисодиётида барқарор ўсишни таъминлаш ва глобал экологик муаммолар” мавзуларида маърузалар тингланди.
Т.Рўзиев, ЎзА