АОКАда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида брифинг ташкил этилди.
Мутахассис маълумотларига кўра, сўнгги йилларда барча соҳада хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатда қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортмоқда. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётда хотин-қизларнинг иштироки тобора кенгайиб, уларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи (57 нафар), Сенат аъзоларининг 27 фоизи (16 нафар), маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизи аёллардан иборат. Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда қарийб 3 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган даврда икки баробар ошиб, 5,7 фоизга етказилган.
Хусусан, аёлларнинг улуши тиббиёт тизимида 77 фоиздан кўпроқни, таълим соҳасида салкам 74 фоиз, савдода 49 фоиз, иқтисодиёт тармоқлари, саноат ва ишлаб чиқаришда қарийб 46 фоиз, маданият ва спортда 45 фоиз, қишлоқ хўжалигида 42 фоиздан зиёдни, молия ва суғурта фаолиятида 37 фоиздан ортиқни, ахборот ва алоқа хизматида 35 фоиз, профессионал, илмий ва техник фаолиятда қарийб 34 фоизни, давлат бошқаруви ва мудофаа тизимида 27 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда. Жорий ўқув йилида республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар улуши 52,2 фоизни ташкил этган.
Мамлакатимизнинг гендер тенглик соҳасидаги эришган ютуқлари халқаро даражада муносиб эътироф этилмоқда. Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади. Натижада 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллашга муваффақ бўлган. Ушбу индекс 158 та мамлакатни қамраб олиб, гендер тенгликка эришиш йўлида муваффақият ва камчиликларни аниқлаш имконини беради.
Ўзбекистоннинг ушбу ютуқларига асос бўлган муҳим ислоҳотлар хотин-қизларни IT va STEM соҳаларига фаол жалб этиш, қизлар учун рақамли кўникмалар бўйича таълим дастурларининг ишга туширилиши, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар сабаблидир.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизнинг “Аёллар дафтари”га киритиш ҳақидаги мурожаатини тўғридан-тўғри қабул қилиш тартиби ўзгартирилиб, эндиликда “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори орқали кўриб чиқиш тартиби жорий қилинди. Низомдаги асосий тушунчалар қисмига “маҳалла еттилиги” жумласига таъриф берилмоқда. Унга кўра “маҳалла еттилиги”— маҳалла фуқаролари йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқ инспекторидан иборат жамоа” ҳисобланиши белгиланмоқда.
Эски тартибга кўра, “Аёллар дафтари”га маълумотларни киритиш ва чиқариш, уларнинг ҳаққонийлиги бўйича оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари шахсан жавобгар эканликлари белгилаб ўтилган эди. Бироқ энди янги тартиб бўйича оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари ҳамда “маҳалла еттилиги аъзолари”ни маълумотларни киритиш ва чиқариш, уларнинг ҳаққонийлиги бўйича жавобгарлиги белгиланмоқда.
Жорий йилда “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичи доирасида амалга оширилган ишлар ниҳоясига етказилди. “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичида республика бўйича 1 миллион 265 нафар хотин-қиз дафтарга киритилиб, 995 минг 239 нафарига амалий ёрдамлар кўрсатилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА