Ўзбекча Википедияга 60 мингдан ортиқ мақола киритилди
Ёшлар ишлари агентлигининг “WikiMarafon” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “WikiSfera” ёшлар оромгоҳи якунланди.
Ўзбекча Википедиядаги мақолалар сифатини ошириш, ёшларнинг рақамли саводхонлигини кучайтириш ҳамда интернет тармоғида ўзбек тилидаги контентни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган оромгоҳда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар сони 4 минг 200 нафардан ошган. Саралаш босқичлари якунида республиканинг турли ҳудудларидан 120 нафар фаол ёш танлаб олиниб, улар учун Википедия платформаси билан ишлаш, мақола яратиш ва таҳрирлаш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди.

– Ҳар бир ёш ўз истеъдодини топширган ҳужжатларда тўлиқ намойиш этиб бера олган, – деди лойиҳа координатори Маҳмуда Бозорова. – Биз бунга улар томонидан ёзилган эсселарда, эришган сертификатларига қараб амин бўлдик. Бизни қувонтирган жиҳати, барча иштирокчилар бу жараёнга астойдил киришди.
“WikiSfera” доирасида иштирокчилар нафақат “WikiMashg‘ulot”ларда қатнашди, балки турли интеллектуал ўйинлар, эстафеталар, маданий тадбирлар ва жамоавий фаолиятларда ҳам иштирок этди. Бу эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бирга, уларда жамоада ишлаш ва ахборот маданиятига оид кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, оромгоҳ якунига қадар иштирокчилар томонидан ўзбекча Википедияга 60 мингдан ортиқ таҳрир киритилган. Натижада платформадаги умумий таҳрирлар сони 6 миллион 100 мингдан ошди.

Оромгоҳ якунида фаол қатнашиб, ўзининг билим ва истеъдодини намоён қилган бир гуруҳ ёшлар махсус совғалар билан тақдирланди. Жумладан, 10 нафар иштирокчига “Ibratfarzandlari” лойиҳасининг махсус ваучерлари топширилди. Яна 10 нафар ёш эса “Mutolaa” лойиҳасининг махсус совғаларига сазовор бўлди.
Шунингдек, “UzChess” ҳамда “UstozAI” лойиҳалари томонидан тақдим этилган совғалар 20 нафар оромгоҳ иштирокчисига топширилди.
Бундан ташқари, “1000KITOB” лойиҳаси доирасида чоп этилган 100 дан ортиқ китоб ҳам оромгоҳ давомида фаоллик кўрсатган ёшларга тарқатилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўзбекча Википедияни ривожлантириш — интернет тармоғида давлат тилидаги ишончли ва очиқ маълумотлар ҳажмини оширишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида ўзбек тилининг халқаро рақамли макондаги мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Айни пайтда ўзбекча Википедияда 340 мингдан ортиқ мақола мавжуд бўлиб, ушбу кўрсаткич билан у дунё викирейтингида 38 ўринни эгаллаб турибди. Шунингдек, ўзбекча Википедия туркий тилли википедиялар орасида учинчи, Марказий Осиё мамлакатлари орасида эса биринчи ўринда қайд этилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА