Ўзбек хонадонида бахтимни топдим
15 май – Халқаро оила куни
10 йил яшаб қўйибмиз. Кўз очиб - юмгунча шунча йил ўтибди. Бугун 3 нафар фарзанднинг ота-онасимиз.Ва бугун мен аниқ айта оламан – ҳаётда энг муҳими оила.
Навоий давлат педагогика институти (ҳозирги Навоий давлат университети) филология факультетини тамомлаганман. Тўйимизга қадар (2016 йилда турмуш қурганмиз) “Энг фаол спорт журналисти”, “Энг ёш журналист” каби номинациялар бўйича вилоят ва республика танловларида юқори ўринларни эгаллаб, мусобақаларда диплом, сертификатлар олиб, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида хизмат сафарларида бўлардим. Ғолиблик ва ишим билан боғлиқ бу юришларимдан катта завқ туярдим. Булар мен учун жуда муҳим эди.
2014 йилда “Дўстлик байроғи” газетаси таҳририятида “Горбачёв” деб танилган бўлғуси турмуш ўртоғим Сирож Аслонов билан танишдик ва ҳаётим ўзгариб кетди. 2 йиллик синовлардан сўнг у билан турмуш қурдик.

Тўйимиз оддий ва камтарона бўлган. Камхарж, камчиқим, камсонли дўстлар даврасида. Тўйимизда анъанавий келинлар “фата”сини киймаганман, “Фарҳод ва Ширин” образида чиққанмиз. Бу ҳаммага жуда ёққанди. “Загс”имиз ҳам чиройли ва оддий бўлган, энг яқин дўстларимиз ҳамроҳлигида никоҳимизни қайд этганмиз.
Ўзим оилада ёлғиз фарзанд бўлганим учун доим катта оилам ва кўп фарзандларим бўлишини орзу қилардим. Айнан шундай файзли хонадонга келин бўлдим. Қайнона-қайнотам маърифатли, бағрикенг ва жуда самимий инсонлар. Катта ҳовлига келин бўлиб тушдим. 20 ёшимда мусулмон динини қабул қилгандим. Барча ўзбекона удумларни чин кўнгилдан бажардим. Ўзбек тилини яхши билмасдим, гапиришнику қўя туринг. 3 йил уларнинг хизматини қилдим ва шундан сўнг бош тўлови давлат томонидан тўлаб берилган “Камолот” уйларидан сотиб олиб, кўчиб чиқдик.
Мен рус, улар ўзбек – турмушимизда, анъаналар, қарашлар ва одатларимизда фарқлар бўлиши табиий ҳол эди. Мослашдим, кўникдим, ўргандим бу бахтли ҳаётимизнинг калити бўлди.
Қайнона-қайнотамнинг ҳаётидан жуда кўп нарсани ўргандим, десам ҳам бўлади. Улар бизнинг севгимизга қарши бўлишмаган, аксинча ўғилларини қўллаб-қувватлашган. “Муҳими, бир бирингизни севиб, тушуниб яшасангиз, кифоя”, дейишган. Аксинча, турмуш ўртоғимнинг қариндошлари бу тўйга қарши бўлган ва шу сабаб, қайнона-қайнотамдан аразлаб, маълум муддат “борди-келди”ни тўхтатиб қўйишган. “Булар барибир ажрашиб кетади”, деб ўйлашган. Бугун эса улар биз билан фахрланишади. Қайнонам “ўрис келиним – дуруст келиним” деб мақтайди, эркалатади ва бу менга жуда ёқади. Дадажон ва ойижоннинг ўзлари ҳам севиб-севилиб турмуш қуришган экан. 1981 йилда тўйлари бўлган бўлса, 45 йилдан бери, бир-бирини суяб-суяниб яшашади.

Ўз ота-онам ҳам мендан кўнгиллари тўқ. Аввал тақдиримдан хавотирланган бўлишса, ҳозир бахтимдан фақат хурсанд бўлишади. Оилавий байрамларимизни улар ҳам жуда яхши кўради. Ота-онам ўзбек тилини яхши билишмаса ҳам, қайнота-қайнонамни яхши тушунишади. Бир-бирини ҳурмат қилишади. Оналаримизни бирга сиҳатгоҳларга жўнатиб турамиз. Яхши тил топиб кетишган.
Катта қизимиз 8 ёшда, 2-синфда ўқийди ва бадиий гимнастика билан жиддий шуғулланади. Бобо, бувилари жаҳон чемпиони бўлсин, дея ният қилишган. Алибегим 4 ёшда, Амир эса 1,5 ёшда. Мен ҳозир болаларим хизматидаман. Уларни мактабга, боғчага ва машғулотларга олиб бораман, улар билан бирга ўқийман, бирга шуғулланаман.
Турмуш ўртоғимнинг ишини доим кузатиб бораман. У Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)нинг Навоий вилояти бўйича фотомухбири. Ижодкор инсон. Вилоятга оид янгиликларни фақат республикага эмас, бутун дунёга тарқатади. У кишининг ишини яхши биламан. Билими, салоҳияти, иқтидорини қадрлайман. Ютуқларида озгина бўлса ҳам менинг ҳиссам борлигидан хурсандман, албатта. Оиласи, фарзандларидан кўнгли тўқ, рўзғори тинч инсонгина жамиятга фойда келтира олади.
Мен аёл сифатида ўз вазифаларимни чин кўнгилдан бажаришга интиламан ва умид қиламанки, келажакда бу ишларим, албатта, ўз самарасини беради. Фарзандларимиз ота-онасидай жамиятга керакли шахслар бўлиб етишса, мақсадга етганимиз шу бўлади.
10 йиллик турмушимиздан кўп нарсани англадим. Бахтли бўлишни ўргандим. Бугун менинг ўрним оилада, фарзандларим ёнида, ҳозир уларга жуда керакман. Вақти етганида, яна севимли ишимга қайтаман. Лекин аёл кишининг бахти аввало оиласида эканини яхши билиб олдим, муҳими шу. Бугун ҳам биз “Фарҳод ва Ширин”миз.
Аёл киши учун нима керак бўлса, бугун менда ҳаммаси бор. Бахтлиман. Ҳамма аёллар бахтли бўлсин.
Алёна Гарбочёва, уй бекаси. ЎзА