Ўзбек тилининг нуфузи тобора ошиб бормоқда
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Давлат тили тўғрисида” ги Қонун қабул қилинганининг 36 йиллиги ҳамда Ўзбек тили байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирокчиларни Ўзбек тили байрами ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, тил бу халқнинг тарихи, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинасидир. Қолаверса, тилнинг сақланиши халқнинг тараққиёти ва келажагини белгилайди. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда ўзбек ва қорақалпоқ тилларини янада ривожлантиришга, унинг халқаро майдондаги обрўсини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу йўналишда кенг кўламли амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Ана шундай эзгу ишлар натижасида бу борада қабул қилинган Қонун, фармон ва қарорлар давлат тилининг нуфузи ва мавқеини юксалтиришга мустаҳкам замин бўлмоқда. Атоқли адибларимиз номидаги ижод мактабларида ёшларимиз ўзбек ва қорақалпоқ тили, қолаверса, миллий адабиётимиз сирларини чуқур ўрганмоқда. Шунингдек, ўтган давр ичида нашр этилган адабий китоблар, қўлланмалар, энциклопедия ва луғатлар давлат тилимизни янада бойитиш ва уни соф ҳолда келажак авлодга етказишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, Адиблар хиёбонида бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари бадиий адабиётимизнинг буюк сиймолари, ўзбек ва қорақалпоқ тилининг чинакам жонкуярлари хотирасига бўлган чуқур эҳтиром рамзидир.
Албатта, олиб борилаётган шундай тадбирлар натижасида давлат тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан жаҳоннинг кўплаб олий ўқув юртларида ўзбек тили фани ўқитилаётгани, ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий тадқиқотлар олиб бораётган хорижий олимлар сони йил сайин кўпайиб бораётгани, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани, давлат тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, шунингдек, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда янграётгани қалбимизни фах-ифтихорга тўлдиради.
Байрам арафасида Президентимиз томонидан “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилингани бу борадаги чора-тадбирларни янги босқичга кўтармоқда.
[gallery-25849]
Хусусан, ушбу қарор билан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишга эришиш, таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, софлигини сақлаш ва луғатимиз бойлигини мунтазам ошириб бориш, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш каби қатор муҳим вазифалар белгилаб олинган. Тадбирда санъат усталарининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА