Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида 21-октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан "Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли!" шиори остида кенг миқёсли байрам тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда шаҳар ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов, корхона ва ташкилот раҳбарлари, устозлар, нуронийлар, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Байрам маросими шаҳар марказидаги буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди. Иштирокчилар улуғ шоир ва давлат арбобининг она тили ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида тўхталиб, унинг “Тилга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқлик — жонга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқликдир” деган фикрини ҳаёт мезони сифатида таъкидладилар.

Шундан сўнг, Ёшлар марказида байрамнинг бадиий қисми бўлиб ўтди. Тадбирни очиб берган шаҳар ҳокими Ниёз Ҳазратқулов иштирокчиларни самимий табриклаб, ўзбек тилининг сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий аҳамияти, шунингдек, унинг миллат бирдамлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида сўз юритиб, жумладан шундай деди:
– Ўзбек тили — халқимизнинг миллий ўзлигини, мустақил давлатчилигимизни ифода этувчи бебаҳо маънавий бойлик ва буюк қадриятдир. Бугун она тилимизнинг нуфузи юксалиб, халқаро майдонларда баралла янграётгани барчамиз учун фахр ва ғурур манбаидир.

Тадбир давомида шаҳар Маданият бўлими хонандалари она тилимизни улуғловчи қўшиқлар айтишди, шоирлар шеърлар ўқишди, саҳнавий кўринишлар ижро этилди.
Ёшлар ижодига бағишланган кўргазма ҳамда “Она тилим — ғурурим” деб номланган бадиий композиция иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Маънавият ва миллий ифтихор руҳи билан йўғрилган ушбу байрам тадбири она тилимизга бўлган ҳурмат ва садоқатни янада мустаҳкамлаб, ёшларда тилга муҳаббат, ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғусини кучайтиришга хизмат қилди.

Тадбир якунида фаол ёшлар ҳамда тил байрамига муносиб ҳисса қўшганлар шаҳар ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири