Ўзбек тили Оксфорд ва Ўзбекистонни бирлаштирмоқда
Ўзбекшунослик соҳасида халқаро академик ҳамкорликнинг янги босқичи
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамкорлигида Оксфорд университетининг «Ўзбекшунослик» дастурида таҳсил олаётган талабалар учун ташкил этилган Ёзги мактабининг очилиши маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шухрат Сирожиддинов, «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмаилова, Оксфорд университети профессори, туркшунос олим Николас Контовас, университет проректори Нозлия Нормуродова, Ёзги мактаб ташкилотчилари ҳамда Оксфорд университети талабалари иштирок этди.

Мазкур Ёзги мактаб ўзбек тили ва ўзбекшунослик соҳасида Ўзбекистон ҳамда Оксфорд университети ўртасида шаклланаётган самарали академик ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлиб, икки мамлакат илмий-таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, уни хорижий мамлакатларда ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, миллий адабиёт, тарих ва маданиятимизнинг бой илмий-маънавий меросини жаҳон академик ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш борасида қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу эзгу ташаббусларнинг муҳим натижаларидан бири сифатида 2025 йил 14 октябрь куни Оксфорд университетида «Ўзбекшунослик» дастурининг расмий очилиши бўлди. Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ташаббуси билан йўлга қўйилгани эътиборга моликдир.
Оксфордда ўзбек тилига қизиқиш тобора ортиб бормоқда
Оксфорд университетида ўзбек тилини академик асосда ўрганиш учун яратилган имкониятлар доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги «Ўзбек мактаби» жамоаси томонидан хорижий таълим олувчилар учун ишлаб чиқилган А1 дан В1 даражагача бўлган ўзбек тили дарсликларидан фойдаланилмоқда.

Шунингдек, таълим жараёнида замонавий рақамли имкониятларни ўзида мужассам этган UzAcademy таълим платформаси ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Бу эса ўзбек тилини хорижда ўрганиш жараёнини тизимли йўлга қўйиш, миллий таълим ресурсларини халқаро академик муҳитга олиб кириш ва ўзбек тилини ўрганувчилар учун сифатли ўқув базасини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Тилни ўрганишдан маданиятни англашгача
Ўзбекистонда ташкил этилган Ёзги мактаб Оксфорд университетида ўзбек тили, тарихи, адабиёти ва маданиятини ўрганаётган талабалар учун назарий билимларни бевосита миллий тил ва маданият муҳитида мустаҳкамлаш имконини беради.

Очилиш маросимида сўзга чиққан университет ректори, академик Шухрат Сирожиддинов Оксфорд университети каби дунёнинг нуфузли таълим даргоҳида ўзбек тили, адабиёти, тарихи ва маданиятини ўрганаётган ёшлар ва тадқиқотчиларни Ўзбекистонда қабул қилиш университет жамоаси учун катта шараф ва қувонч эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, тилни унинг табиий муҳитида ўрганиш наинки сўз ва грамматик қоидаларни ўзлаштириш, балки халқнинг тафаккури, тарихи, урф-одатлари, дунёқараши ва маънавий қадриятларини чуқурроқ англаш имконидир.
Шу маънода, Ёзги мактаб иштирокчилар учун ўзбек тилини дарсликлар ва аудитория доирасидан ташқарида, унинг жонли муҳитида кашф этишга хизмат қилмоқда.
Қадимий қўлёзма меросимиз — муҳим илмий йўналиш
Ёзги мактаб дастури замонавий ўзбек тили билан чекланиб қолмайди. Унда ўзбек тилининг тарихий тараққиёти, адабий мероси ва Марказий Осиё цивилизацияси билан боғлиқ муҳим мавзулар қамраб олинган.

Хусусан, иштирокчилар мумтоз ўзбек адабий тили, қўлёзмаларни ўқиш асослари, Шарқ хаттотлиги, тасаввуф таълимоти, жадидлик ҳаракати, Марказий Осиё тарихи ва минтақада кечган маданий жараёнлар билан яқиндан танишадилар.
Бу йўналишлар Оксфорд талабаларига нафақат ўзбек тилининг бугунги ҳолатини, балки унинг асрлар давомидаги тараққиёт йўлини, туркий ва Шарқ адабий муҳитида тутган ўрнини англаш имконини беради.
Айниқса, мумтоз ўзбек адабий тили ва қўлёзма манбалар билан ишлаш бўйича машғулотлар ўзбек ва Марказий Осиё адабий меросини илмий нуқтаи назардан тадқиқ этиш учун муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

Илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаётган олим
Тадбир давомида Оксфорд университетида ўзбекшунослик йўналишининг ривожига муносиб ҳисса қўшаётган профессор Николас Контоваснинг илмий ва педагогик фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Унинг Оксфорд академик муҳитида ўзбек ва эски ўзбек тилларини ўқитиш, талабаларда Ўзбекистон, унинг тили, адабиёти ва ёзма меросига нисбатан илмий қизиқишни шакллантириш, шунингдек, Оксфорд университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги академик алоқаларни ривожлантиришдаги ҳиссаси юксак баҳоланди.
Бундай ҳамкорлик натижасида ўзбекшуносликнинг халқаро илмий макондаги қамрови кенгайиб, Ўзбекистон тарихи, тили ва маданиятини тадқиқ этишга қизиқувчи янги авлод олимларининг шаклланиши учун муҳим имкониятлар яратилмоқда.
Самарқанд ва Бухоро — очиқ осмон остидаги дарслик
«Буюк Ипак йўли ва Ўзбекистоннинг маданий меросини кашф этиш» концепцияси асосида ташкил этилган Ёзги мактаб 23 сентябрга қадар давом этади.
Дастурнинг яна бир муҳим жиҳати — унинг аудитория билан чекланиб қолмаслигидадир. Иштирокчилар учун Самарқанд ва Бухорога таълимий сафарлар ташкил этилади.
Бу сафарлар давомида талабалар Ўзбекистоннинг буюк тарихий-маданий мероси, қадимий меъморий обидалари, илмий ва маънавий тараққиёт марказлари билан бевосита танишадилар.

Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлар улар учун ўзига хос «тирик дарслик» вазифасини бажаради. Бу ерда тарих китоб саҳифаларидагина эмас, балки меъморий обидалар, қадимий кўчалар, мадрасалар, мақбаралар ва асрлар давомида сақланиб келаётган маданий анъаналар тимсолида намоён бўлади.
Айни пайтда меҳмонларнинг Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташрифи уларда миллий тарихимиз, маънавий-маърифий илдизларимиз, тараққиётга илтилган янги Ўзекистонимиз ҳақида унутилмас таассурот қолдирди.
Шу тариқа, академик билимлар ҳаётий тажриба билан уйғунлашади, тил эса халқ тарихи ва маданиятини англашнинг муҳим воситасига айланади.
Ўзбекистон ва Оксфорд ўртасидаги янги кўприк
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ёзги мактаб оддий таълим дастуридан анча кенг тушунчадир. У Ўзбекистон ва Оксфордни билим, маданият, илмий изланиш ва инсонлараро мулоқот орқали бирлаштирувчи ўзига хос кўприкдир.
Оксфорд талабалари учун Ўзбекистонда ўтказилаётган бу кунлар ўзбек тилини чуқур ўрганиш, халқимизнинг тарихи ва маданиятини яқиндан ҳис этиш, янги илмий қарашлар ва тажрибаларга эга бўлиш имконини яратади.
Бундай ташаббуслар халқаро академик алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, келгусида қўшма илмий тадқиқотлар, таълим дастурлари, академик алмашинувлар ва янги лойиҳалар учун кенг имкониятлар очади.
Энг муҳими, бу жараён ўзбек тилини жаҳон академик маконида янада кенгроқ намоён этиш, миллий илмий ва маданий меросимизни халқаро миқёсда тарғиб қилиш ҳамда ўзбекшунослик соҳасининг янги илмий авлодини шакллантиришга хизмат қилади.

Ишончимиз комилки, Ёзги мактаб иштирокчилар учун янги билим ва илмий изланишлар макони, маданий кашфиётлар майдони ҳамда самимий дўстликлар бошланадиган муҳитга айланади.
Зеро, ўзбек тили халқимизнинг кўп асрлик тарихи, тафаккури, адабиёти ва маънавий дунёсига олиб кирувчи бетакрор калитдир. Бугун ана шу калит Оксфорд ва Ўзбекистон ўртасида янги эшикларни очмоқда.
Ёзги мактаб эса ана шу эзгу ҳамкорликнинг навбатдаги муҳим қадами сифатида янги ғоялар, қўшма илмий изланишлар, мустаҳкам дўстлик ва узоқ муддатли академик ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА