Ўзбек тили – энг улуғ неъмат
“Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир“.
Шавкат Мирзиёев.
Кўпчиликка яхши аёнки, 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинган эди. Ўша тарихий санадан бери юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” кенг нишонланиб келинаётир.
Ўтган вақт мобайнида ўзбек тилининг жамиятдаги роли аввалгидан кўра ошди, унга бўлган эътибор янада кучайди.
Лекин айрим камчиликларга ҳамон барҳам берилмаётгани дилни хира қилади. Бир вақтлар Тошкентда таълим олган синфдошим,Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида анча йиллардан буён фермер бўлиб ишлаётган Жўра ҳожи Раҳматуллаев яқинда Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Термиз шаҳарларига томоша қилиш учун борганини айтди.
– Мен қирқ йилдан ошиқ вақтдан бери гўзал юртимизнинг диққатга сазовор гўшаларини сайр қилишни яхши кўраман. Энг асосийси, юқоридаги жойлар қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганидан хурсандман. Осмонўпар бинолар кишини ҳайратда қолдиради. Бир-биридан гўзал иморатларни кўриб дилингиз яйрайди. Лекин, баъзи катта идоралар, дўконлар, ташкилот ва муассасалар олдидаги турли-туман ёзувларни ўқиш қийин бўлди. Айримлари инглизми ёки бошқа ажнабий тиллардами, хуллас тушуниб бўлмайди. Нега шуларни ўзгартириб, соф ўзбек тилида ёзиш мумкин эмас? Ахир, ҳар бир вилоят ёки туман ҳокимлигида давлат тилига масъул кишилар бириктирилган, ҳатто маош олиб ишлайди, деб эшитганман, – дейди у.
Машҳур шоир Ҳамид Олимжон “Навоий-ўзбек тилининг яратувчиси” мақоласида қуйидагиларни ёзган эди: “Навоий ўзбек тили учун кураш байроғини юқори кўтарган шоирдир.
Алишергача ўзбек ва умуман турк халқларининг адабиёти Эрон адабиётининг зўр таъсири остида яшар эди.
Шоирларнинг ҳаммаси деярли форс тилида ёзар эдилар. Бу ҳол бузилмас бир анъана ҳолига келиб қолган эди. Ўзбек тилида ёзиш айб саналар ва ўзбек тилида ёзилган асарларни сарой аристократияси шеър деб қабул қилмас эди. Жаҳоннинг энг гўзал маданият марказларидан бири бўлган Ҳиротда, Самарқанд ва Бухорода форс тили ўзбек тили устидан ҳокимлик қилар эди. Форс тили-давлат тили, ўзбек тили-саҳро, қишлоқ тили, қора халқ тили деб саналар эди. Кенг халқ оммаси учун бирдан-бир бадиий озуқа бўлиб, халқнинг ўзи томонидан яратилган эртак ва достонлар қолган эдилар.
Шунинг учун ҳам тарих бизнинг буюк Алишеримизга жуда катта бир вазифа юклаган эди. Бу ўз халқининг тили учун кураш вазифаси эди. Навоий шундай бир шароитда ўзининг машҳур китоби “Муҳокамат ул-луғатайн”ни ёзиб, ўша вақтда ҳали турк тили деб аталиб юрган қадим ўзбек тилининг бирмунча жиҳатдан форс тилидан бой ва рангдор эканини исбот қилди ва ўзбек тилида бўлган адабиётнинг юксалишини бошлаб юборди.“
Бу фикрлар таниқли кишиларнинг ўзбек тилига бўлган меҳр-муҳаббатини, чуқур эҳтиромини ифодалайди. Шу сабабли ўзбек тили тараққиёти учун курашиш ҳар бир зиёлининг муқаддас бурчи эканини доимо таъкидлагинг келади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқларидан бирида ўзбек тилининг нуфузи ва ҳаётдаги аҳамияти тўғрисида қуйидагича фикр билдирган эди:
“Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.
Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир.
Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар.
Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни аввало ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дину диёнатимиздан жудо қилишга қайта-қайта уриндилар.
Улар эл-юртимиз бошига қандай азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум.
Аммо жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардонавор курашди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берди. Ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини – миллий ғурурини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди.
Бу борада маънавий жасорат ва фидойилик кўрсатган буюк арбобларимиз, адиб ва олимларимиз, уламоларимиз, улуғ санъаткорларимизнинг хотирасини бугун ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.
Ушбу қутлуғ айёмни байрам қилар эканмиз, аввало, 1989 йил 21 октябрь санасини – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир.
Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш биз учун осон кечмаган эди.
Қонун лойиҳаси икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Унинг атрофида қандай қизғин баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтганини, ўйлайманки, кўпчилик юртдошларимиз жуда яхши эслайди. Шахсан мен ҳам ўшанда бу тарихий жараёнларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлганман.”
Афсуски ўзбек тилига менсимай, лоқайд қарайдиганлар ҳам бор экан...
Бир ўғлим Туркияда яшайди, ойлик маоши анча яхши, бой-бадавлат эканидан жуда хурсандман. Аммо бир куни неварамга шаҳардаги дўконлардан бирор егулик келтириб беришини илтимос қилмоқчи бўлдим.
– Менга Туркиянинг ширин меваларидан олиб келсанг, мамнун бўлар эдим.
Лекин, у нимагадир чурқ этмади.Қўрқиб кетдим. Наҳотки гунг бўлса?
Ўғлим ишдан келганидан кейин шу ҳақда гап очдим. У негадир хафа бўлиш ўрнига кулиб юборди. Менинг эса жаҳлим чиқар эди.
– Ота, сиз ундан сира хафа бўлманг. У бугунги замонавий ёшлардан бири.
– Нима учун хурсанд бўлишим керак,болам? – дея ажабландим.
– Ахир у ўзбек тилини мутлақо билмайди. Туркча гапиришни хуш кўради.
Худди устимдан бир челак совуқ сув қуйиб юборгандек титраб кетдим. Кўз олдим қоронғилашди. Тилим калимага келмай қолди. Ҳеч нарса демасдан стулга ўтириб қолдим. Узоқ ўйга толдим. Калаванинг учини топгандек эдим.
Тавба, ўғлим нега бемалол, бепарво сўзлаётир? Ўз фарзандининг ўзбек тилини билмаслигидан норози эмасми? Нега, ҳатто мақтангандек гапирди?
Наҳотки, менинг авлодим энди ўзбек тилида гапира олмаса!?
Ўғлим хатосини кеч бўлса-да тушинди.
Юртимизда ўзбек тилини пухтароқ ўрганиш учун барча шароитлар яратилган.
“Ўзбекистон республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонунида белгиланган вазифа ва мажбуриятларни адо этиш учун имкониятлар етарли. Бутун дунёда олтмиш миллиондан ошиқ киши ўзбек тилида гапираётгани, унинг нуфузи ва ҳаётдаги аҳамиятини янада оширишга интилаётгани ҳар биримизда фахр ва ғурур туйғусини кучайтиради. Бундан ташқари ўзбек тилининг жаҳондаги энг бой тиллардан бири экани ҳам диққатга сазовор. Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ўзбек тили хусусида қуйидагиларни айтган эди:
“Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.
Машҳур адибнинг ушбу эътирофидан беихтиёр ғурурланиш ҳиссини туяди, киши.
Ватанимизда ўзбек тили ва адабиёти университети, ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ва бошқа бир қатор илмий муассасалар ўзбек адабий тилининг янада ривож топишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Демак, жамият ҳаётида ўзбек тилининг нуфузи ва аҳамияти янада ошишига шубҳа йўқ.
Жовли Хушбоқов, ЎзА