Ўзбек тили дунё минбарларида жарангламоқда
Тил – инсоннинг, халқнинг, жамиятнинг, давлатнинг куч-қудратидир. Шу сабаб ҳам Юртбошимиз ўз чиқишларида доимо она тилимизга алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, жорий йилнинг 19 сентябрь` куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иккинчи бор ўзбек тилида нутқ сўзлагани ва ҳар бир кўтарилган глобал масалалар бўйича таклифлар билдиргани ҳам фикримиз исботидир.

Дарҳақиқат, ҳар бир халқнинг тарихи, урф-одати ва маданияти унинг тили орқали намоён бўлади. Юртбошимизнинг жаҳон минбарида туриб ўзбек тилида сўзлаган нутқини тинглар эканман, тилимиз равнақи ва ривожи учун ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлаётган илм кишиси сифатида қалбимда ифтихор туйғулари яна бир бор жўш урди. Хусусан, дунё минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлаган Президентимиз бир қатор устувор масалаларни илгари сурди.
Чунончи, геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация йўналишларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келаётганлиги, иқлим ўзгариши, очлик ва тенгсизликка қарши курашиш каби бир қатор башарият муаммоларига алоҳида тўхталиб, ўз мулоҳазаларини билдирди. Бу қайсидир бир ҳукумат ва ёки давлат муаммоси эмас, балки бутун дунё глобал муаммоси эканлигини такрор ва такрор таъкидлади.
– Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат, – деди Юртбошимиз нутқларида.
Шунингдек, ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттираётгани, мамлакатимизнинг “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя тамойили асосида иқтисоди, ижтимоий, маданий соҳаларда янгидан-янги жараёнлар содир бўлаётганини айтиб, “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси қабул қилинганини барчага маълум қилди.
– Бу стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан биргаликда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари биринчи ўринда эканлиги, мажбурий ҳамда болалар меҳнати тўлиқ барҳам топгани, бунинг учун барча зарурий чоралар кўрилгани айтиб ўтилди. Сессияда юртимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, етук кадрлар тайёрлаш, илмли, салоҳиятли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги изчил изланишлар йўлга қўйилганлиги алоҳида таъкидланди.
Юртбошимиз эътиборидан ҳеч бир мавзу четда қолмади. Айниқса, хотин-қизларга кўрсатилаётган эътиборни олайлик: “Биз “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз. Биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф этамиз”, дейилди йиғилишда.
БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Президентимиз томонидан айтилган масалалар, билдирилган таклифлар соф ўзбек тилида жаранглаганлиги болаларимизнинг тилимизни мукаммал ўрганишига пойдевор вазифасини ўтайди, албатта.
Тилимиз халқнинг энг нодир бойлиги, руҳи ва қанотидир. Зеро, қалбимиздаги ҳисларни, онгимиздаги фикрларни биз, аввало, она тилимизда ифодалаймиз. Шундай экан, бугун таълим тизимида ўзбек тилини мукаммал тарзда фарзандларимизга ўргатиш, уларга соф ўзбекона сўз ва иборалардан фойдаланишида етарлича билим ҳамда кўникма бериш биз каби ўқитувчиларнинг асосий вазифасидир.
Дарҳақиқат, таълим сифати тараққиёт пойдевори бўлибгина қолмай, ватанпарвар ёшларнинг камол топишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Тилимизга бўлган меҳр, ҳурмат ва эҳтиромни Юртбошимиз олиб бораётган ҳар битта саъй-ҳаракатда кўришимиз мумкин. Бу хайрли йўлни давом эттирмоқ эса барчамизнинг бурчимиздир!
Гулсанам Норова,
Навоий давлат педагогика институти катта ўқитувчиси,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА