Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари фан ва таълим интеграциясини таъминлаш ишларига ҳам фаол ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда институт илмий ходимлари томонидан тайёрланган ўзбек тили, адабиёти ва фолклорига оид дарсликлардан таълимнинг турли бўғинларида фойдаланилмоқда. Шу кунларда институтнинг Социолингвистика бўлими мудири, филология фанлари доктори, профессор Ёрқинжон Одиловнинг Жанубий Кореянинг Ҳанкук университети профессорлари Азиза Машраббекова ҳамда Лее Жиеон билан ҳамкорликда тайёрланган “Ўзбек тили. Стандарт дарслик” номли қўлланмаси нашрдан чиқди.
Ушбу дарслик В2 даражаси учун мўлжалланган бўлиб, унда корейс талабаларининг ўзбек тили грамматик тузилмаларининг турли вариантларидан фойдаланган ҳолда долзарб, ижтимоий аҳамиятли мавзуларда профессионал мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантириш мақсад қилинган. Дарсликдаги машқ ва топшириқлар олдин ўрганилган грамматик шакл ва қурилмалардан нутқда эркин фойдаланиш малакаларини эгаллаш ва уларни янада ривожлантиришга йўналтирилган. Унда тегишли мавзулар доирасида ўқувчиларнинг луғат бойлигини оширадиган материаллар берилган. Дарсликда ҳал қилинаётган коммуникатив вазифалар таркибини мураккаблаштириш орқали лингвистик компетенцияни шакллантирадиган ўқув топшириқлари тақдим қилинган.
Муаллифлар талабаларга аввал ўрганилган грамматик қоидаларни такрорлашга ёрдам берадиган топшириқлар билан бирга, кўмакчи феъллар, ўзлик олмошлари, дарсликнинг даражасига мувофиқ равишда янги фаол қурилма ва иборалар бўйича янги материалларни берганлар. Дарсликнинг “Илова” қисмига қолиплашган бирикма ва бирикувлар, кўмакчи феълли қўшилмалар, ундов сўзлар, ўзбек тили тиниш белгилари ва бошқа фойдали маълумотлар киритилган. Бу орқали ўқувчиларга турли коммуникатив вазифаларни ҳал қилишда зарур тил воситаларининг тўлиқ тўпламини тақдим этишга ҳаракат қилинган. Ҳар бир мавзуга ўзбек маданиятини тараннум этадиган қизиқарли матнлар танланган.
ЎзА