Ўзбек тили атрофидаги дўстлик давраси
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита томонидан Миллий маданий марказлар павильонида «Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги ҳамда 21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунига бағишланган ушбу тадбир турли миллат вакилларини бир даврага жамлади.
Байрамга ташриф буюрган меҳмонлар дастлаб Миллий маданий марказлар павильонидаги миллий уйлар билан танишиб, турли халқларнинг урф-одатлари, маданияти ва анъаналари ҳақида тасаввурларини бойитдилар. Замонавий ўзбек адабиёти намуналари кўргазмаси, ўзбек тили ва миллатлараро муносабатларга бағишланган видеороликлар намойиши тадбирнинг маърифий аҳамиятини оширди. Миллий либосларда меҳмонларни кутиб олган ёшлар, карнай-сурнай садолари ва миллий куйлар эса байрамга ўзгача файз бағишлади.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари табрик сўзлари билан иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, ўзбек тили мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларини умумий мақсадлар йўлида бирлаштирадиган, ўзаро мулоқот ва маданий алоқаларни мустаҳкамлайдиган муҳим воситадир. Давлат тилини ҳурмат қилиш, уни ўрганиш ва қадрлаш орқали инсонлар ўртасидаги маънавий яқинлик ҳам янада ортади.
Тадбир давомида иштирокчилар учун ўзбек тилига оид қизиқарли викториналар ташкил этилди. Савол-жавобларда турли миллат вакиллари ўзбек тили бўйича билимларини синаб, фаоллик кўрсатдилар. Ғолибларга ўзбек тилига оид китоблар ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрамнинг бадиий қисмида «Ўзбек тилига бағишланган энг яхши шеър ижрочиси» ҳамда «Ўзбек тилида ижро этилган энг яхши қўшиқ» танловлари ғолиблари тақдирланди. Улар томонидан ижро этилган шеърлар ва қўшиқларда она тилига муҳаббат, унинг жозибаси ва бой имкониятлари намоён бўлди. Бундай танловлар ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, ўзбек тилига қизиқишини оширишга хизмат қилади.
Байрам дастури эстрада хонандалари ва миллий маданий марказларнинг ҳаваскор жамоалари иштирокидаги концерт билан давом этди. Янграган куй-қўшиқлар, бадиий чиқишлар Ватанга муҳаббат, тилга эҳтиром, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини тараннум этди.
Дарҳақиқат, бир юртда турли тилларда сўзлашадиган инсонлар яшаши мумкин, аммо уларни умумий Ватанга муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва эзгу мақсадлар бирлаштиради. «Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!» шиори остидаги ушбу тадбир ҳам давлат тилига бўлган эҳтиромни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим маънавий қадам бўлди.
[gallery-32072]
Нигора Раҳмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА