Сиёсатшунослик фанининг Марказий Осиёдаги етук вакили, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги сиёсий фанлар бўйича ихтисослашган илмий кенгаш раиси, Ўзбекистон ҳамда хорижда бир қатор монография, дарслик, ўқув қўлланмалар муаллифи бўлиши билан бирга Буюк Британия, Ҳиндистон, Канада, Украина, Россия каби мамлакатларда 300 дан ортиқ чоп этилган илмий мақолалари билан халқаро илмий жамоатчиликка танилган сиёсий фанлар доктори, профессор Шукритдин Пахрутдиновнинг яна бир илмий-тадқиқоти халқаро миқёсда тан олинди.
Профессор Ш.Пахрутдиновнинг ҳозирги мураккаб, таҳликали ва зиддиятли ҳодиса-жараёнлар назарий таҳлилига бағишланган “Тараққиётга таҳдид: назария ва амалиёт” номли монографияси Дания, Германия, Италия, Латвия, Португалия, Франция, Япония ва АҚШ давлатларининг давлат нашриётлари томонидан халқаро майдондаги катта қизиқиш ва эҳтиёж туфайли инглиз тилидан ташқари, дунёнинг яна 8 тилида чоп этилди.
Ушбу монографияда дунёвий тараққиётга хавф-хатар ва таҳдидларнинг юзага келиши омиллари, жамият ҳаётига салбий таъсири, бартараф этиш
йўл-йўриқлари ҳамда “Таҳдидбардош жамият”ни барпо этишда жаҳон ва Ўзбекистон тажрибаси ёритилгани сабабли, бугун турли илмий ҳамжамиятлар томонидан юксак эътироф этиб келинмоқда.
Сиёсатшунос олимнинг мазкур монографиясида “Таҳдидбардош жамият” тушунчасининг илмий тавсифини биринчи маротаба ёритганлиги сабабли, ҳалқаро миқёсда унинг муаллифи сифатида тан олинди ва тасдиқланди.
Энг аҳамиятлиси, Ш.И. Пахрутдиновнинг мазкур “Таҳдидбардош жамият”ни белгиловчи илмий тушунчалар тўплами (жамланмаси) Россия Федерацияси интеллектуал мулк бўйича федерал хизмати “Маълумотлар базасининг давлат рўйхати”га киритилди.
Мазкур маълумотлар базасида “Таҳдидбардош жамиятни” тўлиқ тавсифлаш имконини берувчи сўзлар, фикрлар мавжуд бўлиб, унда келтирилган илмий тушунчалар миллий ва халқаро сиёсатшунослик фани кесимида биринчи марта таърифланганлиги белгиланиб, унда келтирилган бошқа иборалар сиёсатшунослик, социология ва давлат бошқаруви соҳасидаги замонавий илмий йўналишларга мувофиқ қайта кўриб чиқилганлиги қайд этилган.
Сиёсий фанлар доктори Ш.Пахрутдиновнинг ушбу маълумотлар базаси асосида қурилган концептуал аппарати ҳозирги замонавий дунёда содир бўлаётган жараёнларни объектив баҳолаш ва илмий сиёсий таҳлил қилиш имконини беради. “Таҳдидбардош жамият” концептуал аппаратинниг қўлланиш соҳалари (майдони): сиёсатшунослик, ижтимоий фалсафа, социал психология, социология фанлари ҳисобланади.
Ўзбек олимининг ушбу “Таҳдидбардош жамият”ни белгиловчи тушунчалар тўплами (жамланмаси) Россия Федерацияси интеллектуал мулк бўйича федерал хизмати “Маълумотлар базасининг давлат рўйхати” киритилганлиги нафақат миллий сиёсатшунослик фанини яратиш ва равнақига ҳисса қўшиш балки политологиянинг халқаро миқёсда ривожланишига катта ҳисса қўшганлиги билан аҳамиятлидир.
Камолиддин МИРЗААХМЕДОВ,
Ўзбекистон Миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори