Ўзбекистон халқ шоири, устоз ижодкор Усмон Азим Қозоғистоннинг адабиёт соҳасидаги халқаро “Аlash” мукофоти билан тақдирланди.
Мазкур мукофот устоз ижодкорга Алмати шаҳрида Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил этилганининг 90 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда топширилди.
Қардош мамлакатнинг адабиёт соҳасидаги ушбу мукофоти шунингдек, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, атоқли адиб Султон Раев, озарбайжонлик ёзувчи, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор Рзаев, Туркия Ёзарлар бирлиги раиси Муса Козим Арижан, Қирғизистон халқ ёзувчиси Арслан Койшиев каби атоқли ижодкорларга ҳам топширилди.
Айтиш керакки, устоз шоир, адабиёт мухлисларининг ардоқли ижодкори Усмон Азим шеъриятида миллий руҳ, миллий ўзлик, Ватан туйғуси ўзига хос бетакрор оҳангларда ифода этилгани билан аҳамиятлидир. Халқимизнинг севимли шоири Ватан, ғурур, ор, инсон шаъни ва қадри, меҳр-муҳаббат, одамийлик каби умрбоқий мавзуларни ғоят бахшиёна, такрорланмас гўзаллик, фахр, юрак изтироби, ҳайқириқ, жўшқинлик, гоҳида эса маҳзунлик билан, айни пайтда ҳар бир китобхоннинг, шеърият мухлисининг қалбини забт эта оладиган тарзда тараннум этиши диққатга сазовор.
Усмон Aзим 1950 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. 1972 йилда Тошкент Давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таълим олган. Усмон Aзим республика радиосида муҳаррир, катта муҳаррир ва бош муҳаррир ўринбосари (1976-1989), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1989- 1990) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида масъул лавозимларда фаолият олиб борган.
У ўзининг “Инсонни тушуниш” номли илк китоби билан 1979 йилда адабий жамоатчилик эътиборига тушган. Шундан сўнг шоирнинг “Ҳолат”(1979), “Оқибат” (1980), “Кўзгу” (1983), “Сурат парчалари” (1985), “Дарс” (1985), “Иккинчи апрель” (1987), “Бахшиёна” (1989), “Ғаройиб аждарҳо” (1990), “Уйғониш азоби” (1991), “Ғусса” (1994), “Узун тун” (1994), “Бор экан-да, йўқ экан” (1995), “Сайланма” (1995), “Куз” (2001) каби шеърий ва “Жоду” (2003), “Aдибнинг умри” (2010), “Сўнгсўзлар” (2020) насрий тўпламлари, наср ва назмдан иборат “Коллаж” (2018) насрий тўпламлари нашр этилган.
Усмон Aзим “Бахтли бўлайлик”, “Ҳужжатли фильм учун сюжет”, “Баҳодир ва Малика” сингари радиопьесалар ёзган. Ижодкор шунингдек, “Бир қадам йўл”, “Кундузсиз кечалар”, “Бозор” (1997), “Aлпомишнинг қайтиши” (1998), “Жазава” (2000), “Бахт қуши” (2002), “Ўтган замон ҳангомалари” (2003) каби пьесалар муаллифидир. Уларнинг аксарияти Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. Адабиётшунослар устоз ижодкорнинг адабиётнинг барча жанрларида маҳорат билан ижод қилишини эътироф этади.
Усмон Aзим, шунингдек, кинодраматургияда ҳам қалам тебратиб, “Aлишер Навоий“ киноқиссаси (1990), “Aлпомиш“ кинодостони (1997), “Севги“ (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли “Aлпомиш“ (2000) фильмларининг сценарийсини яратган.
Элюар, Вациетис, Доғларжа, Вознесенский, Марцинкявичюс ва бошқа кўплаб шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Устознинг шеърлари инглиз, француз, немис, поляк, македон, турк, грузин, эстон, литва, тожик, қозоқ, қирғиз ва бошқа кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Кўплаб шеърлари ажойиб қўшиқларга айланган.
Усмон Aзим – уч мингга яқин шеърий асарлар муаллифи. У шеърий мактаб яратган камдан-кам шоирлардан биридир. Усмон аканинг асарлари замонавий ўзбек поэзияси ва драматургиясининг юксак савиясини белгиловчи мавқега эга.
Усмон Aзим Грузиянинг Владимир Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). “Дўстлик“ ордени (1998) билан мукофотланган.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири