Кейинги йилларда ўзбек адиб ва шоирларининг ижод намуналари хорижда тобора кўпроқ чоп этилмоқда. АҚШнинг Даллас штатидаги "Mundus Atrium Press" нашриёти ўз сайтида хабар беришича, таниқли ўзбек шоираси, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, бир неча халқаро адабий танловлар совриндори, таниқли шоира Хосият Рустамованинг "Мени юраклардан топ" деб номланган китоби Америкада нашр қилинди.
Бу шоиранинг инглиз тилида чоп этилган иккинчи катта китоби бўлиб, биринчиси шу тилда Буюк Британиянинг "EGG London" нашриётида "Рангли кўз ёшлар" номи билан 2020 йили нашр этилган эди.
Ҳозирча шоиранинг дунёнинг 27 давлатида китоби чиқди ва 34 та хорижий тилга ўгирилди.

Нашриёт билан имзоланган шартномага кўра, мазкур китоб биринчи босқичда
10 минг нусхада босилди ва океан ортида сотувга чиқарилди.
Китобни таниқли инглиз шоири Жон Фарндон ўзбек шоираси Мафтуна Дунё билан ҳамкорликда таржима қилишган. Халқаро миқёсда танилган шоир ва ёзувчи, адабиётшунос, профессор Жек Маринай китобга ёзган сўз бошида ҳамюртимиз ижодини шундай эътироф этади:
- Хосият Рустамованинг кенг кўламдаги ижоди бир қанча жанрларни ўз ичига қамраб олади. Унинг ижоди жаҳон адабиётининг кўзга кўринган адабиётшунослари диққатини жалб этди. Шоира шеъриятида кўтаринки руҳият, юксак бадиият ва мантиқ уйғунлиги, умуминсоний дард алоҳида сезилиб туради. Бу эса уни замонавий Осиё адабиётидаги ўзига хос шахс сифатида танитди...

Ўзбек адабиёти куч-қудрати, она Ватанимиз довруғуни жаҳон шеърияти майдонида юксакларга кўтараётган шоира Хосият Рустамова бугунги кунда қатор мамлакатларнинг нуфузли адабий танловлари ҳайъати аъзоси ҳамдир.
Ўзбек шоираси овози дунё адабиёти минбарларида баланд жаранглаётгани барчамизга, айниқса адабиёт мухлисларига ғурур бағишлайди.
Н.Усмонова, ЎзА