Ўзбек санъати барчани лол қолдирди
Туркияда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунларининг очилиши муносабати билан Анқара шаҳрида ўзбек санъаткорлари иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Дастлаб, Ўзбекистоннинг тарихий обидаларини акс эттирувчи фотокўргазма ташкил этилди.

Концерт дастурида элчихона ва консуллик вакиллари, Туркиянинг маданият соҳаси вакиллари ҳамда Анқарада яшаб, фаолият юритиб келаётган ватандошларимиз иштирок этди.

Тадбирда Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Ўзгул Ўзкан Явуз тарихи, маданияти ва санъати бир-бирига уйғун бўлган икки миллатнинг маданий алоқалари, ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳаларнинг натижалари хусусида батафсил сўзлади.

Ўзбек санъаткорлари томонидан ижро этилган бетакрор тароналар нафақат диллари ватан соғинчига тўлган юртдошларимиз, балки, туркиялик ўзбек санъати мухлислари томонидан ҳам жўрликда ижро этилди.
Бу каби тадбирлар маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, икки миллат ўртасидаги қардошлик муносабатларини ҳам юксалтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА