«Ўзбек нутқ синтезатори» яратилди
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида филология фанлари доктори Мунаввара Қурбонова раҳбарлигида давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилган «Кўзи ожиз шахслар учун компьютер техникасидан фойдаланиш, матнларни ўқиш ва ёзиш имконини берувчи ўзбек тилига асосланган гапирувчи дастурий таъминот ва овоз синтезаторини ишлаб чиқиш» мавзусидаги амалий грант лойиҳаси асосида тайёрланган «Ўзбек нутқ синтезатори» компьютер дастури ҳамда «Ўзбек тили ўзлашма сўзларининг урғули луғати» тақдимоти ўтказилди.
Тадбир офлайн ва Zoom платформаси орқали онлайн шаклда олиб борилди.

ТошДЎТАУ ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ва бошқалар бугунги кунда имконияти чекланган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, бу борада белгиланган чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлом кишилар билан ижтимоий интеграциялашув жараёнини янада ривожлантиришдан иборат эканлигини таъкидлаб, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
«Ўзбек нутқ синтезатори» компьютер дастури ва «Ўзбек тили ўзлашма сўзларнинг урғули луғати»нинг таълим жараёнидаги аҳамияти, ўзбек тили функционал даражасини кенгайтиришдаги ўрни алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг, ўзбек тилидаги электрон ҳужжатлар билан ишлашда нутқ синтезаторининг зарурати, ўзбек нутқ синтезатори дастурий таъминотининг яратилиш механизмлари, нутқ синтезатори аудиомаълумотлар базасини шакллантиришга қўйиладиган талаблар, фан ва таълим интеграциясини ривожлантиришда нутқ билан боғлиқ компьютер дастурларининг ўрни, кўзи ожиз шахсларнинг ижтимоийлашув жараёнида ўзбек нутқ синтезаторининг аҳамияти, ўзбек нутқ синтезаторининг функционал имкониятлари, янги авлод ўқув луғатлари – давр талаби, ўзбек тили ўзлашма сўзларининг урғули луғати хусусида, миллий луғатшуносликда жонли тил масаласи каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Д.Маматoва, ЎзА