"Ўзбек карвони" антологияси Канадада
Аввал хабар берганимиздек, мазкур китоб куни кеча Америка Қўшма Штатларида нашр қилинган эди. Эндиликда Канададаги "Altaspera" Нашриёт уйи "Ўзбек карвони/Узбекский караван/Uzbek caravan" ўзбек шеърияти антологиясини ўзбек, рус ва инглиз тилларида қайтадан чоп этди.
Қарийб 600 бетдан иборат ушбу рисола тўла-тўкис рангли бўлиб, унда ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакилларининг ижод намуналари ўрин олган.
Китобда, айниқса, муҳаббат куйчиси, қаландар ва шоҳ Бобораҳим Машраб ғазалларига катта ўрин берилган. Нашрни безашда ўзбек миллий рамзларидан кенг кўламда фойдаланилган. Антологиядан жой олган шеърларни ўзбек тилидан рус ва инглиз тилларига қирғизистонлик шоир ва таржимон Раҳим Карим ўгирган.
Торонтода чоп этилган ушбу китоб чет эллик адабиёт, айниқса шеърият мухлисларига ўзбек адабиёти намуналаридан яқиндан баҳраманд бўлиш учун яна бир бор қулай имконият яратди. – Мазкур "Ўзбек адабиёти карвони" хамир учидан патир, – деди лойиҳа муаллифи Раҳим Каримов. – У ўтган замонлардан тортиб бизнинг давргача келаётган улкан ва бой ўзбек адабий карвонининг юздан бир фоизинигина қамраб олган, холос.
Улкан кўламдаги адабий меросимизни биргина рисолага сиғдириб бўлмайди, албатта. Биз – нашр ижодкорлари олдида ҳали не-не алломаларимизни жаҳон адабиёти шинавандалари эътиборига тақдим этишдек ниҳоятда катта ва масъулиятли вазифа турганлигини айтиб ўтиш жоиз. Айни дамда лойиҳанинг иккинчи босқичи устида саъй-ҳаракатлар бошланиб, у Нодира, Увайсий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Муқимий, Фурқат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Эътибор Охунова, Гулчеҳра Нуруллаева каби ижодкорларимиз билан бир қаторда Ойдин Ҳожиева, Қутлибека Раҳимбоева, Мирзо Кенжабек, Эшқобил Шукур, Абдували Қутбиддин, Баҳром Рўзимуҳаммад, Ҳалима Аҳмедова, Фароғат Камолова, Ойгул Суюндиқова, Гулжамол Асқарова каби таниқли ижодкорларимизнинг асарлари билан давом этади, деган умиддамиз.
Назокат Усмонова, ЎзА