Ўзбек – Ҳинд санъат усталари ҳафталиги
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан халқимизнинг маънавий қадриятлари ва меросини асраб-авайлаш ҳамда жаҳон маданияти билан уйғун ҳолда ривожлантириш, миллий маданиятни кенг тарғиб этиш, унинг халқаро маданий маконда тутган мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида бир қатор вазифалар белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан Тошкентдаги Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази билан ҳамкорликда Ўзбек-Ҳинд санъат усталари иштирокида маҳорат сабоқлари ҳафталиги ташкил этилмоқда.
2021 йилнинг 23-29 январь кунлари бўлиб ўтиши мўлжалланган мазкур ҳафталик доирасида икки мамлакатнинг рақс, қўшиқчилик, мусиқа ва саҳна либослари бўйича мутахассислари томонидан маданият йўналишида таълим олаётган талабалар ва санъат ихлосмандлари учун маҳорат сабоқлари, соҳага оид тажриба алмашишлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Ҳафталикнинг очилиш маросимида Маданият вазирлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази, ўзбек санъати вакиллари иштирок этди.
Ҳафталик давомида санъат йўналишида таҳсил олаётган юртимиз ёшлари, санъат ва маданият мухлислари учун ҳинд мусиқа санъати бўйича профессор Сунеера Касливал хоним, ҳинд рақс санъати мутахассиси Смрити Адитья хоним, ҳинд анъанавий ва саҳна либослари бўйича мутахассис доктор Нелима Астана хоним ва бошқа санъат вакиллари томонидан онлайн маҳорат сабоқлари ўтказилади.
Шунингдек, санъат ва маданият йўналишида таҳсил олаётган ҳинд ёшлари ва санъат шайдолари учун Ўзбекистон халқ артистлари Замира Суюнова, Абдулаҳад Абдурашидов, Вилоят Оқилова, Гавҳар Матёқубова, Маъмура Эргашева каби бир қатор санъаткорлар, либослар бўйича Феруза Отахонова, Айрин Аллабергенова, Фарида Максумова ва Наталья Мусина каби мутахассислар томонидан онлайн маҳорат дарслари тақдим этилади.
ЎзА