Ўзбек “детективи” инглиз тилида чоп этилди
Сермаҳсул ёзувчи Комил Синдоровнинг “Темурийлар кутубхонаси сири” асари инглиз тилига таржима қилиниб, “Amazon.com” электрон савдо платформасида сотувга чиқарилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Комил Синдоровни ўзбек китобхонлари детектив асарлари орқали яхши танийди. “Терговчи” сериясида бугунги кунга қадар унинг 15 га яқин романи чоп этилиб, ўқувчилар томонидан алоҳида қизиқиш билан қабул қилинган. “Қадр кечасидаги қотиллик”, “Амирликнинг олтин тахти изидан”, “Қабоҳат гирдоби” ва рус тилидаги “Жажда мести” китоблари шулар жумласидан.
Маълумотларга қараганда, илк бор Европада XIX асрнинг 40-йилларида пайдо бўлган детектив жанрдаги асарларда уч муҳим жиҳат –жиноят, қидирув ва фош этиш бош мақсад қилиб қўйилади. Кейинги йилларда китобхонларнинг бундай асарларга нисбатан эҳтиёжини таъминлаш мақсадида жаҳон адабиётининг кўплаб намуналари ўзбек тилиги таржима қилиняпти. Шунингдек, юртимиз адибларининг янги-янги детектив-саргузашт асарлари ҳам пешма-пеш чоп этилмоқда.
Ўзбек детектив жанрида самарали ижод қилаётган истеъдодли ёзувчилардан бири Комил Синдоровнинг асарларини ўқир экансиз, сирли қотилликлар, чигал вазиятлар-у, кутилмаган ечим китобхон хаёлини банд этади. Адиб ҳаёт ҳақиқатини оқ ва қора рангларда яққол тасвирлайди. Қаҳрамонларни яхши ёки ёмон, дея ажратмайди. Мутолаа жараёнида фикрлашни ўқувчининг ўзига қолдиради. Унинг ҳар бир асарида турли жиноятлар, турфа тақдир ва кечинмалар, руҳий ҳолатлар ва муаммолар гирдоби ҳақида сўз боради.
“Темурийлар кутубхонаси сири” романида ҳам сюжет мураккаблиги, воқеалар ғайри оддий, кутилмаган тарзда ривожланиши китобхонни сеҳрлаб қўяди. Ёзувчининг маҳорати шундаки, асар тили ва услуби содда бўлиб, воқеалар ўта жонли, ҳаётий тасвирланган. Шу боис мутолаа чоғида ўқувчи асарга шўнғиб кетади. Қаҳрамонлар билан яшаб, бирга турли синовларни енгиб ўтади, мағлубият алами, ғалаба қувончини тотиб кўради. Айниқса, бош қаҳрамонлар руҳий ҳолати, ички кечинмалари моҳирона очиб берилганки, унинг бошидан кечганини ўқувчи ҳам ўз танасида ҳис қила бошлайди... Бинобарин, асар образлари тақдири, иқрори кишини мулоҳаза қилиш, ҳаёт, синов, адолат ва ҳақиқат ҳақида жиддий ўйлашга ундайди.
Умуман, таъсирчан воқеаликлардан ташқари ўзбек халқининг бой ўтмиши, тарихидан сўзлагувчи бу китоб чет эллик китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинмоқда.
Дарҳақиқат, илгари хориж детектив асарлари тилимизга ўгирилган бўлса, энди ўзбек ёзувчиларининг сара битиклари чет тилларга таржима қилинмоқда. Жумладан, “Темурийлар кутубхонаси сири” романи ношири ушбу китобга ортиб бораётган талабни инобатга олган ҳолда, муаллиф билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, унинг бошқа асарларини ҳам инглиз тилида чоп этишни режалаштираётгани қувонарли.
ЎзА