Ўзбек боксининг келажак юлдузлари кашф этилди
Бухородаги Олимпия захиралари коллежи мажмуасида бокс бўйича 2004-2005 йилларда туғилганлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди.
Жорий йилнинг 10 октябрида бошланган муросасиз жанглар натижасида 362 та чарм қўлқоп устаси орасида сараланган истеъдодли ёш боксчилар 13 та вазннинг олтин медалини қўлга киритиш учун финал мусобақасида баҳслашди.

Айтиш лозимки, мазкур чемпионат спортчиларнинг техник ва тактик ҳатти-ҳаракати, усулларни бажариш, жангларни олиб бориш жиҳатидан ҳамда мусобақалар ўтказиладиган мажмуанинг халқаро талаблар даражасида жиҳозланиши, ҳар бир жангга боксчиларнинг кириб келиши ва бошқа жиҳатлари билан жаҳон биринчиликларидан қолишмайдиган тарзда ўтказилди.

Ўзбекистон чемпионатининг 13 вазнидаги деярли барча саралаш мусобақалари, чорак ва ярим финал жанглари гўёки чемпионлик учрашуви тарзда ўтганлиги томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

Сўнгги натижаларга кўра, 48 кг.да бухоролик Миралижон Мавлонов финалда Ҳумоюнмирзо Абдурасулов (Фарғона ОЗК)ни, 51 кг.да сурхондарёлик Хўжаназар Нортожиев Муҳаммаджон Абдуллаев (Фарғона)ни, 54 кг.да андижонлик Абдували Бўрибоев Сайат Илясов (Чирчиқ ОЗК) ни, 57 кг.да Бахтиёр Асадов(Бухоро) Миркомил Сайитохунов (Андижон ОЗК) ни, 60 кг.да Суҳроб Аминов (Қорақалпоғистон) Забардаст Ҳаётов (Бухоро)ни, 63,5 кг.да Жавоҳир Умматалиев (Динамо) Ҳусан Турдалиев (Тошкент вилояти)ни, 67 кг.да Фазлиддин Эркинбоев (Наманган ОЗК) Шавкатжон Болтаев (Чирчиқ ОЗК)ни, 71 кг.да Алишер Аюпов (Бухоро) Тўрабек Ҳабибуллаев (Тошкент вилояти)ни, 75 кг.да Жавоҳир Мирзажонов (Тошкент) Раҳматилло Бойматов (Наманган) ни, 80 кг.да Абдулазиз Абдураҳмонов (Андижон ОЗК) Самандар Жалолов (Динамо)ни, 86 кг.да Жамолиддин Қозоқов (Андижон) Озод Шодиев (Тошкент вилояти) ни, 92 кг.да Айназар Кенесбаев (Қорақалпоғистон) Элёр Жўраев (Наманган ОЗК)ни ва +92 кг.да Равшан Солиев (Бухоро) Муҳаммад Файзуллаев (Бухоро)ни мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номга мушарраф бўлишди.

Чемпионат баҳсларини бевосита ўнлаб мамлакат чемпиони бўлган таниқли спортчилар, халқаро даражадаги бокс мураббийлари, хусусан, икки карра жаҳон чемпиони ва олимпия ўйинлари совриндори Аббос Атоев, олимпия ўйинлари ғолиби Фазлиддин Ғойибназаров, бокс бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, бир неча жаҳон чемпионатларида реферелик қилган Мирсолих Сагатов каби мутахассисларнинг кузатиб борганлиги ёш чарм қўлқоп усталарига ўзгача шижоат бағишлади.

–Ўзбек боксининг навқирон вакиллари иштирокидаги мусобақалар ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилди. Ўтказилган жанглар томошабоплиги билан алоҳида ажралиб турди. Иқтидорли ёшларимиз бокснинг жозибали усулларини намойиш қилишдики, буди спортнинг, бокснинг санъат даражасидаги ижроси, дейиш мумкин. Қанийди, бу жангларнинг барчасини видео тасмаларга муҳрлаб қўйишнинг имконият бўлганида,зўр иш бўларди. Айнан мазкур мусобақа тасвирларини болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия коллежларининг бокс бўлими тарбияланувчиларига намойиш этган ҳолда дарс ўтиш ҳам мумкин эди. Бу, тайёр видео қўлланма бўлиб хизмат қиларди. Яна бир жиҳатни айтиш лозимки, Бухоро рингларида кўриниш берган ушбу ёшларимиз орасидан яқин келажакда жаҳон боксининг ёрқин вакиллари етишиб чиқишига шубҳа йўқ. Боиси, уларнинг шахди анча баландлиги, рингнинг барча бурчакларини назорат қилган ҳолда яқин ва узоқ масофадаги ҳаракатлари шундан далолат бермоқда,–дейди Тошкент вилояти бокс федерацияси ижрочи директори Содиқжон Хидиров.
Мусобақалар якунига кўра, умумжамоа ҳисобидан энг кўп медаллар жамланмасига эга бўлган Бухоро жамоаси 1-ўринни, андижонликлар 2-ўринни ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари эса 3-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА