Ўзбек адибининг ҳикоялари Беларусь ва Россияда чоп этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Қўчқор Норқобилнинг "Чингачгук бобо" ҳикояси Беларусда чоп этилаётган "Новая Немига литературная" адабий-бадиий журналида, "Бизни оқибат асрайди" деб номланган ҳикояси эса Санкт-Петербургдаги "На наш взгляд" газетасида чоп этилди. Ҳар иккала ҳикояда ҳам ўзбекона меҳр-оқибат, жумардлик, эзгулик туйғуси, энг муҳими, ўзбекона характер бадиий буёқларда ёрқин ифодаланган.
Айтиш керакки, Қўчқор Норқобил 1968 йил 5 март куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги Мўминкўл қишлоғида туғилган. 1992 йили ТошДУнинг – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини тугатган.

Унинг «Дарё ортидаги йиғи» (1994), «Ўн саккизга кирмаган мен бор» (2002), «Кулиб тур, азизим» (2005), «Қуёшни ким уйғотади?» "Кафтимдаги қизғалдоқ" (1993) шеърий тўпламлари нашр этилган. Пушкин, Лермонтов, Есенин, Евтушенко каби шоирларнинг насрий асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Қўчқор Норқобил 2001 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" унвонига сазовор бўлган.
Ижодкорнинг асарлари бир қатор хорижий давлатларда чоп этилган.
Н.Усмонова,
ЎзА