Бугунги кунда ўзбек насрида болалар адабиёти йўналишида саноқли ижодкорларгина қалам тебратмоқда. Таржимон ва адиба Гулноз Тожибоева шу йўналишда фаол ижод қилиб келмоқда.
У ҳали ёш бўлишига қарамай, кўплаб ютуқларга эришишга улгурди. Г. Тожибоева Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини имтиёзли диплом билан тугатган, 2019 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 6 ёшидан бери эртак ёза бошлаган адиба чорак асрдан бери қаламини қўлдан қўймай, болалар адабиёти жанрида ижод қилиб келмоқда ва айни кунда 6та эртаклар тўпламининг муаллифидир. У болажонларга атаб сеҳрли эртаклар ёзиш билан бирга уларни ўзи суратлар билан безатади ҳам.

Г. Тожибоева 2008 йилда Ўзбекистон ёш ёзувчилари Республика семинарида «Болалар адабиёти» номинацияси бўйича 1- ўрин соҳиби бўлган, 2014 йилда эса «Жайхун ва аланга» номли сценарийси билан Марказий Осиё ва Корея давлатларининг миф, эртак ва қаҳрамонлик эпослари асосида яратилган сценарийлар халқаро танловида 1- ўринга лойиқ топилган, 2020 йилда халқаро "Россотрудничество" ташкилоти ҳамкорлигида Тошкентда ўтказилган «Энг сеҳрли байрам» эртаклар танловининг ғолибларидан бири бўлган.
Г. Тожибоеванинг бир катта орзуси бор: ўзбек болалар адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқиш! Бу орзусини амалга ошириш йўлида у инглиз ва корейс тилларини мукаммал ўрганишга интилиб, ўз асарлари билан хориждаги нашрларда мунтазам қатнашмоқда. Айни кунгача ёш адибанинг эртак ва ҳикоялари Бельгиядаги “Atunis Galaxy Poetry” адабий нашрида, Лондондаги “Dash” адабий журналида, Покистон Ислом Республикасининг “Sindh courier” нашрида, Донецк Халқ Республикасидаги «Автограф» адабий журнали, Россиянинг «Камертон», «Мастерская» газета-журналларида, Санкт-Петербургдаги «Нева» босма адабий-бадиий журналида, Қрим Республикасидаги «Белая Скала» босма адабий журналида чоп этилди.

– Болалар адабиётида ижод қилиш машаққатли,– дейди адиба Гулноз Тожибоева. – Бугун ўзбек адабиётида болалар ёзувчилари бироз камайгандек кўринади. Жаҳон адабиётига назар солсак ҳам шу ҳол. Уларда ҳам болалар учун махсус ижод қиладиган ижодкорлар кам. Шу кунгача болалар учун нимаики ёзсам, аввало, миллийлигимизга мос келиши ҳақида ўйлайман. Чунки болажонлар ўқиган илк эртаклари, эшитган ҳикоя ва чўпчакларидан тарбия олади. Яқин йиллардан буён Европа ва АҚШ адабиёти бизнинг ҳикояларга қизиқиш билдиряпти. Менинг ҳам болалар адабиёти йўналишида ёзган асарларимни болалар учун мўлжалланган нашрларида чоп этишмоқда. Энг қизиғи, АҚШда ҳам бизнинг асарларимизни севиб ўқишмоқда.
Гулноз Тожибоеванинг “Agile Magpie” («Эпчил зағизғон») номли эртаги АҚШдаги халқаро ёзувчилар босма адабий журнали – “International Writers Journal"да чоп этилди. Бу эса ёш адибанинг ўз орзусига етиш йўлида ташлаган яна бир катта қадамидир.
Д. Маматова, ЎзА