Халқаро минбар
Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият бериб, мавжуд муносабатларни юксак қадрлайди. Айниқса, сўнгги йилларда мазкур минтақа ва умуман туркий давлатлар билан ўзаро ташрифлар сони кескин ошди. Буларнинг бари муштарак қадриятларимизни янги шаклда ривожлантириш, давлатлараро муносабатларни янада юксалтиришга хизмат қилувчи омиллардир.
Жумладан, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги азалий дўстона муносабат бугунги кунда, деярли, барча соҳаларда изчил ривожланмоқда.
Ўзбекистон Қорабоғ низосини ҳал қилишда Озарбайжоннинг ҳақли позициясини доимо қўллаб-қувватлашини намойиш этиб келган, зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш, БМТ Хавфсизлик Кенгаши тегишли резолюциялари ҳамда ЕХҲТ қарорлари ижросини қатъий маъқуллаган.
Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжонни Қорабоғ қайтарилиши ва тарихий адолат тиклангани билан табриклаб, Фузулий шаҳрида Ўзбекистон маблағи ҳисобидан йирик мактаб қурилишини маълум қилган эди. Ўтган йил 23 август куни икки давлат раҳбарлари Фузулий шаҳрида барпо этилган Мирзо Улуғбек номли 1-умумтаълим мактабининг очилиш маросимида иштирок этди. Бинобарин, Президентларимиз ўртасида қарор топган самимий ва дўстона шахсий муносабат туфайли Озарбайжон – Ўзбекистон ҳамкорлиги бугунги кунда мисли кўрилмаган даражада юқори даражага кўтарилди.
Муҳим транспорт-логистика йўналишларида жойлашган Озарбайжон ва Ўзбекистон ўзаро юк ташиш ҳажмини тобора оширмоқда. Жорий йил 21 май куни Губа шаҳрида ташкил этилган II Озарбайжон – Ўзбекистон минтақалараро форумида мамлакатларимиз иқтисодий салоҳияти, шерикликни янада ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилиниб, кўплаб икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Ўзаро муносабатда савдо-иқтисодий ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Устав капитали 500 миллион доллар бўлган “Озарбайжон – Ўзбекистон” инвестиция компанияси фаолияти икки қардош ўлкада, қолаверса учинчи мамлакатларда инвестиция лойиҳалари амалга оширишга қаратилган.
Шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм, кичик ва ўрта бизнес, соғлиқни сақлаш, юк ташиш каби йўналишлар кенг қамров касб этган.
Икки юртда ўтказилаётган маданият кунлари азалий дўст халқларимизни янада жипслаштирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитидаги иштироки ўзаро муносабатни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшди. Шу нуқтаи назардан Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга навбатдаги давлат ташрифи ҳам мавжуд алоқалар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Элмир Сафтаров,
журналист (Озарбайжон),
ЎзА