Тошкент вилояти суди ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида суд ва Давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда туман ва шаҳар “Инсон” марказлари мутахассислари иштирок этди.
Семинарда қонунчиликдаги ўзгаришлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни ижроси муҳокама қилинди. Даъво аризаларини тайёрлаш тартиби, керакли ҳужжатлар ва уларни топшириш жараёни ҳақида тушунтиришлар берилди. Тадбир давомида вояга етмаганлар, айниқса, болалар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда йўл қўйилаётган хатолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.





– Судларга даъво аризаларини тайёрлаш ва уларни электрон тарзда топшириш жараёнида айрим ноаниқликлар учраб туради. Бунинг натижасида баъзида вояга етмаганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳуқуқлари етарлича ҳимоя қилинмай қолмоқда. Масъуллар айтган маълумотларда айни шу жиҳатларга алоҳида урғу берилди. Иштирокчилар ўз саволларига батафсил жавоблар олди ва тажриба алмашиш орқали фаолиятларини янада такомиллаштириш йўлларини белгилаб олди, – дейди Бўка тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳуқуқий масалаларда эксперт маслаҳатчиси Пўлат Абдазов.
А.Мусаев,ЎзА