Ўзаро ҳамкорлик янада ривожланади
Қозоғистон Республикасининг Шоҳмардон Есенов номидаги Каспий технологиялар ва инжиниринг университети президенти Берик Аҳметов бошчилигидаги делегация Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига ташриф буюрди.
Олий ўқув юртининг иқтидорли талабаларидан иборат “Сий перде” ва “Балдаурен” ансамбллари аъзолари ижросидаги миллий қўшиқлар қозоғистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Институт ректори Қувондиқ Қодиров делегация аъзоларига Ажиниёз музейини таништириб, бу ердаги экспонатлар ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг икки олий таълим муассасаси раҳбарларининг расмий учрашуви ўтказилди.

Унда таълим, илмий-тадқиқот ва инновациялар йўналишларида ҳамкорликни янги босқичга кўтариш муҳимлиги таъкидланди. Олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинуви, ўқув-методик ресурслар ҳамда лабораториялардан биргаликда фойдаланиш, халқаро илмий базалар, илмий журналларда мақолалар чоп этиш, илмий конференциялар ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Учрашувда қайд этилган масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки олий таълим муассасаси ўртасида шартнома имзоланди.
Университет президенти юқори даражадаги учрашув учун институт жамоасига миннатдорлик билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири