Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди
3 март куни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев номидаги Динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш маркази раҳбари Б.Сарсенбаев бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Марказ директори Ш. Миноваров меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган марказ биноси лойиҳаси, унинг асосий фаолияти ва истиқболдаги режалари билан таништирди.

Н.Назарбоев маркази раҳбари Б.Сарсенбаев ҳам ўз навбатида Қозоғистонда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўзлаб, мазкур марказ Қозоғистон Президенти Қосим Жомарт Тоқаев ташаббуси билан очилгани ҳамда унга Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев номи берилганини таъкидлади.
Марказ раҳбари икки турдош ташкилотнинг мақсадлари уйғун эканига урғу бериб, келгусида ўзаро алоқаларни янада юқори даражага олиб чиқиш учун ҳамкорлик меморандуми имзолашни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашув давомида икки ҳамкор ташкилотнинг муштарак мақсадларини биргаликда амалга ошириш белгиланган меморандум имзоланди.
Меморандум доирасида марказлар қўшма лойиҳалар, конференция ва симпозиумлар, кўргазмалар ташкил қилишга, ҳамкорликда мақолалар нашр қилиш, илмий ходимлар алмашинувини амалга оширишга келишиб олди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати
ЎзА