Ўзаро ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
“Навоийуран” давлат корхонаси Бош директорининг биринчи ўринбосари – бош муҳандис Валижон Назаров бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Франция ва Нигер Республикасида бўлди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад “Orano Mining” компанияси томонидан уран ишлаб чиқариш бўйича амалиётга жорий этилган усуллар, конлар фаолияти ва у ерда яратилган шарт-шароитларни жойига борган ҳолда ўрганиш, ўзаро мулоқот қилиш ва тажриба алмашишдан иборат.

“Orano Mining” компанияси “Навоийуран” давлат корхонасининг доимий ҳамкори бўлиб, компания вакиллари бир неча бор корхонага ташриф буюрган. “Навоийуран” делегацияси ҳам компаниянинг Қозоғистондаги ваколатхонасида ўзаро мулоқотларда иштирок этишган эди.

Корхона Ахборот хизматининг маълум қилишича, Ишчи гуруҳи дастлаб “Orano Mining” компаниясининг Париж шаҳридаги бош офисида Ғарбий Африканинг Нигер Республикасида жойлашган “Imouraren” истиқболли уран конининг тарихи ва умумий геология маълумотлари билан танишди ва аниқланган истиқболли конларни биргаликда ўзлаштириш юзасидан ўзаро фикрлашди. Шу билан бирга “Orano Mining” компаниясининг янги тайинланган Бош ижрочи директори Хавьер Сент Мартин Тиллет билан ҳам учрашув ўтказилди.

Делегация аъзолари Нигер Республикасининг пойтахти Ниамей шаҳрида бўлиб, “Orano Mining” компаниясининг бу ердаги лойиҳалари бўйича бош директори Матье Давринш билан учрашди. Бу ерда “Orano Mining” компанияси томонидан Нигер Республикасида амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар бўйича маълумот берилди.

Шунингдек, хизмат сафари давомида вакилларимиз Ниамей шаҳридан 1000 км узоқликда жойлашган Арлит шаҳри яқинидаги “Somair” ва “Cominak” конларида бўлди.

Улар “Somair” очиқ тарзда қазиб олинадиган уран кони карьерларида олиб борилаётган тоғ-кон ишлари, уранни уюмлаб ва ишқорлаб эритиш усулларида ишлайдиган завод фаолияти, техник ва технологик жараёнлар билан танишди.
Ташриф режасига асосан “Orano Mining” компаниясининг маҳаллий мутахассислари томонидан уранни уюмлаб ва ишқорлаб қазиб олиш технологиялари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу борада ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.
А.Бўриев, ЎзА