Бугун, 27 январда “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли адиб ва шоир Исмат Кўчиев 70 ёшга тўлди. Ҳатто чет элларда ҳам танилган ижодкор Исмат Кўчиев Ўзбек ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётгани эътиборга молик.
Ўзбекистон ва Беларусь ёзувчилар уюшмалари аъзоси Исмат Кўчиев бир қатор тарихий ва таниқли шахслар хусусида асарлар ёзган. Хусусан, унинг “Шароф Рашидов. Ғолиб” ҳамда “Шароф Рашидов. Бунёдкор” китоблари минглаб ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди.
Кейинги йилларда эса истеъдодли адиб қардош Озарбайжон халқининг улуғ фарзандлари тўғрисида асарлар яратди. Жумладан, “Ҳайдар Алиевнинг ғалабаси” китоби анча машҳур. Унда Озарбайжон давлати раҳбари Ҳайдар Алиевнинг ҳаёт йўли хусусида қизиқарли ҳикоя қилингани диққатни жалб этади. Бундан ташқари муаллифнинг “Озарбайжон ғалабаси” асари ҳам нашр этилиб, китоб мухлислари қалбидан муносиб жой олди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, хорижий мамлакатларда ўтказилган тақдимотларда ҳам юқорида таъкидланган асарлар таниқли адиблар ва адабиётшунослар томонидан юқори баҳолангани бежиз эмас.
Муаллифнинг ўзбек адабиёти ва санъати намоёндалари ҳаёти ҳамда фаолияти қизиқарли ҳикоя қилинган “Улуғлар чорбоғи” китоби ҳам менда яхши таассурот қолдирганини ҳам алоҳида қайд этиш керак.
Жаҳон адабиёти ва санъати дунё халқларининг комил инсон бўлиб етишишларида неча асрлардан буён мислсиз аҳамият касб этаётир. Эрнест Хемингуэй, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Абдулла Қодирий, Одил Ёқубов асарларини ўқимаган, ундан маънавий озиқ олмаган кишилар кўп эмас. Тафаккурини кенгайтиришга, маънавиятини юксалтиришга, онгини ўстиришга қизиққан инсонлар эса бу тоғ булоқлари каби зилол ва шифобахш маънавий сувлардан ҳамиша баҳра олиб келганлар.
Адабиётнинг қудрати шундаки, у ҳар бир инсоннинг қалб қўрғонини забт эта олади, ҳаётий образлар орқали одамлар тафаккури ва онгини ўзгартиради. Болалиги Ургутнинг Тўрткўл қишлоғида ўтган, шу ердаги 11-мактабни битирган таниқли ижодкор Исмат Кўчиевнинг “Улуғлар чорбоғи”ни ўқиб, кўнглим кўчасида ана шундай тизгинсиз ўйлар ўрмалай бошлади. Муаллиф ўзбек адабиёти классиклари ҳаёти ва ижоди ҳақида меҳр билан сўзлайди, ундан ҳар бир инсоннинг маънавий баҳра олишини истайди. Ва тўпламдаги барча ижодкорлар ижоди ва ҳаётига атаб шеър бағишлайди. Бу асарларда Исмат Кўчиевнинг қалб тебранишлари акс садо беради. У таниқли шоир ва адибларнинг ижоди ва характерига хос жиҳатларни шеърий мажозлар орқали тавсиф этишга интилади. Энг муҳими, ижодкорлар ҳаётига оид шеърларнинг кўпчилиги баёнчиликдан холи, шоир ёки ёзувчининг ички кечинмалари ва ҳаётига доир штрихларни қамраб олгани жиҳатидан характерлидир.
Ўзбек классик адабиётининг буюк намоёндалари Муҳаммад Шайбонийхон, Машраб, Муқимий, Фурқат, Огаҳий, Нодира, Увайсийлар ҳақида бугунги китобхон етарли маълумотга эгами? Эҳтимол, уларнинг танланган асарлари китоб дўконларида йўқлиги, бундан ташқари мумтоз адабиёт вакиллари хусусида илмий тадқиқотлар ҳам кам яратилаётгани учун юқорида номлари саналган улуғ ижодкорлар фаолиятини яхши билмаймиз. Исмат Кўчиевнинг “Улуғлар чорбоғи” тўплами шу жиҳатдан ҳам ҳозирги ўқирманлар учун қимматли эканини унутмаслигимиз керак.
Жадид адабиётининг кўзга кўринган ва машҳур намоёндалари ХХ аср бошларида маданий ҳаётимизда инқилоб яратдилар. Уларнинг ташаббускор ва таниқли вакиллари Мунаввар Қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Авлоний ва бошқалар ижоди хусусида ҳам кўпчиликка номаълум маълумотлар тўплангани китобнинг эстетик қимматини янада ошириб юборган.
Ўзбек романчилигига тамал тошини қўйган буюк шахслардан бири Абдулла Қодирий, шўролар даврининг дастлабки йилларида репрессия қурбонлари бўлган Фитрат, Усмон Носир, Чўлпон ва бошқа ноёб истеъдод эгалари қисмати аянчли бўлди. Улар адабиёт боғида гулламасдан туриб сўлган хушбўй гуллар эмасмиди? Нега биз буюк талант соҳибларини асраб қололмадик? Эҳтимол, уларнинг айримлари ўша даврда ижод қилган баъзи таниқли ҳамкасбларининг хоинликлари қурбони бўлгандир?
Ўзбек адабиёти хирмони шўролар даврида ҳам юксак бўлди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов каби наср усталари яратган “Навоий”, “Шум бола”, “Улуғбек хазинаси”, “Нур борки, соя бор” сингари бадиий жиҳатдан пишиқ асарлар насримиз ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Исмат Кўчиев бу ижобий ҳодисани тўғри англаган ва бугунги ўқувчи қалбига ана шу истеьдодли носирлар асарларининг ғоявий ва бадиий қиммати нимада эканини таҳлил орқали кўрсатиб бера олган.
Шеъриятнинг таниқли вакиллари ҳақидаги қайдлар ҳам ўқувчи эътиборини жалб этади. Айниқса, Рауф Парфи, Гулчеҳра Нуруллаева, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Раҳмон ва бошқа шоирлар ижодига доир фикрлари ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Рауф Парфи ижодига хос дард ва изтироблар таҳлили, лирик қаҳрамон руҳий оламидаги қарама-қаршиликлар, Г.Нуруллаева ижодий манерасидаги фалсафий фикрларга қоришган туйғуларнинг табиийлиги, Ҳ.Худойбердиева шеърларидаги образлилик, фикрлар мажозлар орқали изҳор этилгани каби фазилатлар улар асарларининг бадиийлигини таъминлаган омиллардир. Шоир ва ёзувчи Исмат Кўчиев буларни яхши илғаган ва кўпчилик ижодкорларга атаб шеър битганда ана шу жиҳатларга алоҳида урғу берган.
Исмат Кўчиевнинг шеърлари шунчаки ҳавас ҳосиласи эмас. Аксинча буюк аждодларимизга, адабиёт ва санъатнинг улуғ салафларига нисбатан қизғин меҳр-муҳаббатнинг, эҳтиромнинг инъикосидир.
Овозида йиғди, ишқ деб йиғлаган,
Дунёнинг саргардон ошиқларини.
Ҳануз куйламоқда ер билан осмон-
Ботир Зокировнинг қўшиқларини.
Машҳур эстрада хонандаси Ботир Зокиров ҳақида кўп асарлар ёзилган. Аммо у хусусда шеърлар яратилмаган. Исмат Кўчиевнинг сатрларида эса таниқли эстрада юлдузининг поэтик образи гавдаланади. Ҳатто унинг таржимаи ҳолига оид янги маълумотлар ҳам ўрин олгани тўпламнинг бадиий ва эстетик қимматини ошириб юборган. Шу жиҳатдан қараганда Ботир Зокиров ҳаёти ва ижодига қизиқувчилар Исмат Кўчиевнинг янги нашр этилган китобини топиб ўқишларини маслаҳат берган бўлар эдик.
Бундан ташқари Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Таваккал Қодиров, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов каби улуғ санъаткорлар хусусидаги қайдлар ҳам китобхонда яхши таассурот қолдиришига шубҳа йўқ. Негаки, бетакрор овозга эга бўлган бу хонандалар ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида бугунги томошабин ёки санъат мухлиси етарли даражада тасаввурга эга эмаслиги кишини ўйга толдиради, қани эди бирор адабиётшунос ёки санъатшунос ана шу улуғ инсонларнинг ҳар бири ҳақида монографиялар яратса экан, деган истак кўнгилни доимо безовта қилади
Кейинги йилларда истеъдодли санъатшунослар сафи кенгайиб бормаётгани кишини ўйга толдиради. Шу боисдан негадир тасвирий санъат асарларининг моҳиятини илмий ва эстетик жиҳатдан очиб бера оладиган тадқиқотлар камлиги санъатшуносликдаги оғриқли нуқталардан биридир. Адиб Исмат Кўчиевнинг янги тўпламида Раҳим Аҳмедов, Чингиз Ахмаров, Рўзи Чориев ва бошқа улуғ мўйқалам соҳибларининг ҳаёти ва ижодига алоҳида урғу берилгани эътиборги молик. Шу жиҳатдан олганда улар яратган полотнолар, портрет ва пейзаж асарлар қандай юзага келгани ва мўйқалам эгаларининг маҳорати ҳақидаги мулоҳазалар ҳамда қайдлар ўқувчига маънавий озиқ беришига шубҳа йўқ.
Машҳур шоир Шукруллонинг элга танилган адиб Исмат Кўчиев ижоди тўғрисида фикр ва мулоҳазалар билдиргани, айниқса шеърий асарлари ҳақида мақтов сўзларни айтгани диққатга сазовор. Талантли шоир ва адиб Исмат Кўчиевнинг “Абадиятнинг беш довони” достони ҳам кўпчилик китоб мухлисларида яхши таассурот қолдирди.
Юртимиздаги таниқли журналистлардан бири Карим Баҳриев истеъдодли шоир Исмат Кўчиев ижоди хусусида қуйидагиларни ёзган эди: “Ҳамманинг саводи чиққандан ва ишқ дилига тушгандан бошлаб, шеър ёзиши ҳам рост. Лекин бу “қилиғи”ни кейинчалик ҳам сақлаб қолган, бедаво бу дарди “ўтиб кетмаган”, сўзга ихлос ва садоқати бардавом бўлганлар кўп эмас. Шундай сўзга ва шеърга фидойи шоирлардан бири асли давлат ва жамоат ишларида фаолият юритган ҳамда юритаётган асли ургутлик шоир Исмат Кўчиевдир. Шоирнинг шеъриятида болалик ва талабалик даврига хос самимият баркамоллик ёшида ҳам тозалигича сақланган. Газета-журналлар, минглаган китоблар, айниқса, ижтимоий тармоқлар “шеър” деб аталган “тизма”ларга тўлган бир даврда шоир ҳам, шеър ҳам жуда кўпдай туюлади. Лекин биз юксак маънодаги шеърият ҳақида фикр юритмоқдамиз.
Исмат ака “Болалик чорбоғи” туркум шеърларини ўсмирлик ё ёшликда ёзмаган, балоғатга етиб, йигитликнинг ва эркакликнинг чўққисида, дунёда кўп машаққат ва мусибатларни, яхши-ёмон кунларни кўрганидан сўнг ёзган. Аммо у болаликни ўша беғуборлигини сақлай олган.
Барглар сарғаймоқда, келаётир куз,
Юракни чулғайди қандайдир ҳадик.
Ургут томонлардан мени соғиниб –
Тушларимга кириб келар болалик.
О, қанчалар шодмон эдим ўшанда,
Озод шамоллардай юрардим учиб...
Шоирнинг соғинчи болаликнинг ҳаётнинг қуйиси эмас, юксак они эканини англатади ва юрт томон юксалтиради:
Аммо вақт қамчиси жуда ҳам аччиқ,
Катталашиб борар юрак доғлари
Мен сени соғиниб боқсам олисга –
Кўрингандай бўлар Ургут тоғлари.
Шоир учун “тенг келолмас ҳеч қандай қўшиқ болалик боғларин шивирлашига...”, шунинг учун “ҳар тун сўрамай болалиги” ўтган боғларнинг тушига киришини истайди. Сир эмас, умрнинг саҳармардони ва шоми ўртасида ўхшашлик бор, ҳаётнинг қувонч ва мусибатларини обдон тортган одам боладай кўнгилчан бўлиб қолади, уни ўзини ўтга ва чўққа урадиган, сапчиб турганлар тушунмайди, болалар тушунади”. Бундай илиқ фикрлар адиб Карим Баҳриевнинг талантли шоир ва ёзувчи Исмат Кўчиев ижодига эҳтироми юқори эканидан далолат беради.
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири