IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтган “Озарбайжон – Ўзбекистон: иқтисодий шериклик вектори” давра суҳбатида мутахассислар ўз фикри, ташаббуси ва таклифларини илгари суришди.
Нозим Гажиев, Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция компанияси директори:

– 100 дан зиёд инвестиция лойиҳасини кўриб чиқдик, 15 ташаббус батафсил таҳлил учун танлаб олинди.
Биз кредит ташкилоти эмас, балки хусусий инвестиция компанияси сифатида фаолият юритамиз ва асосан турли соҳалардаги миноритар улушга сармоя киритамиз.
Ўтган йил Тошкентда офис очгандик, энди Бокуда ваколатхона ташкил этяпмиз. Бу бизга Озарбайжон бозорини самарали қамраб олиш имконини беради.
Жамоа таркибидаги маҳаллий ва хорижий ташкилотларда бой тажриба орттирган 13 мутахассиснинг аксарияти Ўзбекистонда фаолият юритади.
Вазифамиз фаол компанияларга сармоя киритиш, ўсиш салоҳияти аниқ активларни қўлга киритиш. Корпоратив бошқарув тизимини яратиш, тезкор молиявий назорат ўрнатишга кўмаклашамиз, стратегик қарор қабул қилиш учун мутахассисларимизни кузатув кенгашларига фаол жалб қиламиз.
Таҳлил қилиш учун танланган лойиҳалардан тўрттаси турли саноат тармоқларига, биттаси молиявий технологияга тегишли. Янги Тошкентда энг йирик халқаро мактаб қурилишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йил охиригача амалга ошириш режалаштирилган яна бир неча лойиҳа ишлаб чиқиляпти.
Бундан ташқари Германия, Италия, Япония ва Яқин Шарқдан тадбиркорларни жалб қилиш учун савдо-саноат палаталари ва ишбилармон ҳамжамиятлар ёрдамида халқаро даражадаги бизнес ҳамкорларни фаол излаяпмиз.
Бошқа молия институтлари ва инвестиция компанияларидан қўшма сармоя киритиш ҳам режамизда бор. Масалан, халқаро мактаб лойиҳаси Абу Даби инвестиция компанияси ва Ўзбекистоннинг тўғридан-тўғри сармоя жамғармаси кўмагида илгари сурилган.
Пировард мақсадимиз юқори самарадор лойиҳалар орқали мамлакатларимиз иқтисодий ўсишини жадаллаштириш учун улкан салоҳиятга эга компанияларга сармоя киритиш. Профессионал жамоамиз бу йўлда бор кучи, маҳоратини ишга солади.
Элнур Алиев, Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари:
– Озарбайжон ва Ўзбекистон икки томонлама ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи асосий институционал механизм – ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги олий даражадаги ташрифлар тизимли тус олган. Икки томонлама муносабат тобора чуқурлашмоқда. Товар айирбошлаш суръати сезиларли даражада ошган.
Савдо айланмаси чорак миллиард долларга етди. Сўнгги тўрт ойда бу миқдор ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробар кўпайди.
Ушбу жараённи қўллаб-қувватлашда институционал механизм ишлаши жуда муҳим. Айниқса, Ҳукуматлараро комиссия жуда муҳим восита.
Масалан, қарийб 500 миллион доллар сармояга эга қўшма инвестиция жамғармаси Кузатув кенгаши доирасида 12 аниқ лойиҳа белгилаб олинди. Алоқани янада мустаҳкамлаш мақсадида Озарбайжон Ўзбекистонда савдо ваколатхонаси очишни кўзлаяпти. Мамлакатимизнинг олтинчи шундай хорижий миссияси сифатида мазкур тузилма иқтисодий алоқалар ривожига янги суръат бағишлашига ишончимиз комил.
Шароф Раҳмонов, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари:
– Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий, сармоявий алоқалар изчил ривожланмоқда. Шу билан бирга ҳали мавжуд имкониятлар тўлиқ рўёбга чиқарилгани йўқ. Рақамларга мурожаат қиламиз: ҳозир юртимизда Озарбайжон капитали иштирокида 200 га яқин корхона фаолият юритяпти. Бокуда ҳам шунга яқин миқдорда компанияларимиз рўйхатга олинган.
Ҳар икки томон савдо-иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга интилмоқда. Ишончимиз комилки, ҳозирги кўрсаткичлар бир неча баробар ортиб, яқин келажакда миллиардлаб долларлик қиймат ҳақида гапира оламиз.
Озарбайжондан диёримизга ҳар йили 10 000 га яқин сайёҳ келади. Кўплаб юртдошларимиз ушбу қардош элга доим қизиқиш билан боради. Айни пайт икки йирик лойиҳа – Бокуда Ўзбекистон ва Тошкентда Озарбайжон миллий маркази қурилиши бошланган ва салмоқли ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар икки томон тадбиркорлари иштирок этмоқда. Мамлакатларимиз тимсолига айланажак бу марказлар таркибида сайилгоҳ, савдо-кўнгилочар марказ, турар-жой майдони барпо этилади. Лойиҳа ҳозир фаол тайёргарлик босқичида. Яқинда шаҳримиз делегациясининг Озарбайжонга ташрифи чоғида Боку ҳокимияти билан самарали музокара ўтказиб, Ўзбекистон маркази қурилиши учун жой белгиладик. Тез орада ҳамкорлар билан Тошкентда учрашиб, Озарбайжон маркази манзилини муҳокама қиламиз.
Юсиф Абдуллаев, Озарбайжон Республикаси Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги директори вазифасини бажарувчи:
– Мамлакатларимиз ўртасида электрон тижорат, қурилиш соҳаларида ҳамкорлик ривожланмоқда. Масалан, озод қилинган ҳудудлар тикланиши биз учун жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг етакчи компаниялари тўқимачилик кластерлари яратиш, турар-жой мажмуалари қуриш бўйича музокара олиб боряпти. Қишлоқ хўжалиги соҳасида аллақачон муайян натижаларга эришилган: Пахта кластери лойиҳаси доирасида 2 000 гектарга экин экилди. Шундай майдонларни 6 000 гектарга етказиш режалаштирилган. Жорий мавсум бир неча гектар майдон тайёрланди, айни пайт биринчи ҳосилни кутяпмиз.
Саноат кооперациясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, инфратузилма ва автомобилсозлик соҳасидаги анъанавий ҳамкорлик давом эттириляпти. Фаолиятини бошлаган йиғиш заводида 9 000 дона “Chevrolet” автомобили ишлаб чиқарилди. Шу тариқа “Made in Azerbaijan” ва “Made in Uzbekistan” брендлари мавқеи мустаҳкамланмоқда.
Шаҳарсозлик соҳасида Боку истиқболли янги лойиҳаларни илгари сурмоқда. Июнь ойи бошида “Оқ шаҳар” ҳудудига ташриф уюштирилиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш сари яна бир дадил қадам қўйилди.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА