Озарбайжон медиа соҳаси вакиллари Самарқандда
Мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган “Рақамли асрда ҳақиқатни излаб: дезинформацияга қарши курашиш” мавзуидаги биринчи Ўзбекистон – Озарбайжон медиа форуми иштирокчилари Самарқанд шаҳрида меҳмон бўлди.
Озарбайжон медиаси масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари дастлаб Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди.
Сўнгра Регистон мажмуаси ва бу ердаги халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари билан танишди. Буюк аждодларимизнинг юксак ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти тимсоли бўлган мазкур обидаларнинг яратилиш тарихи, уларни асраб-авайлаш борасидаги ишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-19452]
– Аввало, Ўзбекистон ва Озарбайжон биринчи медиа форуми юқори савияда ўтгани ва икки томон учун ҳам жуда фойдали бўлганлигини таъкидлашни истардим, – дейди Озарбайжондаги “Репорт” ахборот агентлиги директори Фуад Ҳусейналиев. – Бугунги ахборот асри, медиамаконда тез содир бўлаётган ўзгаришлар пайтида ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш муҳим ҳисобланади. Бу тадбир чоғида ҳам кўп таъкидланди ва келгусида бундай учрашувларни мунтазам ўтказишга қарор қилинди. Самарқандга саёҳатни эса барчамиз кутгандик, бу шаҳар гўзаллигидан баҳраманд бўлишни истагандик. Чунки бу шаҳар нафақат Ўзбекистоннинг, балки Шарқнинг гавҳаридир. Бу ердаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар бизнинг умумий, муштарак тарихимизни намоён этади. Уларда ўзимизнинг тарихимизнинг бир бўлагини кўргандек бўламиз.
Озарбайжонлик меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги яна бир қатор тарихий-маданий ёдгорликлар, Сиёб деҳқон бозори ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари