Озарбайжон давлат ахборот агентлиги
Озарбайжон давлат ахборот агентлиги (ОзарТАдж) 2015 йилга қадар маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларига тезкор янгиликлар етказиб берадиган мамлакатдаги ягона расмий давлат ахборот манбаи сифатида Озарбайжон миллий ахборот агентлиги деб юритилган.
Дунё ахборот агентликлари
Озарбайжон давлат ахборот агентлиги (ОзарТАдж) 2015 йилга қадар маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларига тезкор янгиликлар етказиб берадиган мамлакатдаги ягона расмий давлат ахборот манбаи сифатида Озарбайжон миллий ахборот агентлиги деб юритилган.
Агентлик 1920 йил 1 мартда Озарбайжон Демократик Республикаси ҳукуматининг қарори билан ташкил этилган. Собиқ шўролар даврида у турлича номлар билан юритилган. Озарбайжоннинг давлат мустақиллиги қайта тиклангандан кейин эса Агентлик ўзининг тарихий номини тиклади ва 1995 йил 3 мартидан Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги давлат телеграф агентлиги деб юритила бошлади. 2000 йил 17 январида эса Озарбайжон давлат телеграф агентлиги деган ном олди.
ОзарТАдж расмий давлат ахборотлари билан биргаликда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, фан, маориф, маданият, соғлиқни сақлаш, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳа ва мавзуларда озарбайжон, рус, инглиз, немис, француз, хитой ва араб тилларида кечасию кундузи аниқ, ҳаққоний, тезкор ахборот тайёрлаб тарқатиб келмоқда.
Озарбайжон давлат ахборот агентлиги ИТАР-ТАСС(Россия), Онадўли(Туркия),Синьхуа(Хитой),Rompress (Руминия), Укринформ (Украина), БТА (Болгария),ANSA(Италия),ИРНА (Эрон), ТАНЮГ (Сербия), БЕЛТА (Беларусь), Молдпрес (Молдова), АТА (Албания), MTI (Венгрия), MENA (Миср), ПЕТРА (Иордания), Антара (Индонезия), Монцамэ (Мўғулистон),Йонхап(КореяРеспубликаси), LETA (Латвия), Кабар (Қирғизистон) ва бошқа ахборот агентликлари билан ўзаро ҳамкорлик битимларини имзолаган.
ОзарТАдж 2014 йили Осиё ва Тинч океани давлатлари ахборот агентликлари ташкилотига аъзо бўлди.
Озарбайжон давлат ахборот агентлиги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган мамлакатлар миллий ахборот агентликлари ассоциацияси (АНИА), туркий тилли давлатлар янгиликлар агентликлари бирлашмаси, Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлигига аъзо бўлган мамлакатлар миллий ахборот агентликлари ассоциацияси (ПАНИА)нинг таъсисчиларидан биридир.
2008 йилда ОзарТАдж ахборот агентлиги Осиё консорциумининг янгиликлар агентлиги “AsiaPulse”га аъзо бўлиб кирди. 2010-2013 йиллар ОзарТАдж Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлигига аъзо бўлган давлатлар миллий ахборот агентликлари ассоциацияси (ПАНИА)га раислик қилди.
Озарбайжон давлат ахборот агентлигининг АҚШ, Англия, Франция, Германия, Австрия, Латвия, Венгрия, Россия, Украина, Миср, Туркия, Грузия, Эрон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Руминия, Испания, Италия, Швеция, Хитой ва Япония давлатларида ҳамда республика ҳудудларида мухбирлик пунктлари ишлаб турибди.
ОзарТАдж агентлиги фотосурат ва матнли ахборотлардан ташқари ўзининг интернет-ресурсига эга. Ижтимоий тармоқларга мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ҳаётидан, спорт соҳасидан видео янгиликлар ҳам тайёрлаб беради. Агентликнинг мультимедиа ва видео янгиликлар хизматида “Озарбайжон бўйлаб саёҳат”, “Бизнинг маданий ёдгорликларимиз”, “Дунё кентлари”, “Бизнинг алломаларимиз” номли лойиҳалари ҳам мавжуд. ОзарТАдж агентлиги қошида 2013 йилдан “Болалар билим портали” билан видеосайт агентлиги ишлаб турибди.
2013 йил 20 ноябрда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида жаҳоннинг 70 дан ортиқ медиа-тизимлари вакиллари, янгиликлар альянсларининг раҳбарлари, OANA, EANA, FANA, IINA каби жаҳон янгиликлар агентликлари, “SKY Nyus Arabia”, “Лос-Анжелес Таймс”, “Guardian”, ВВС ва MSN, Google, Yahoo каби интернет-корпорациялари вакиллари иштирокида ўтган Умумжаҳон конгресси (NAWC)да ОзорТАдж ахборот агентлиги 2016-2019 йилларга раис этиб тайинланди. Янгиликлар агентликларининг У Умумжаҳон конгрессини Озарбайжонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 2014-2016 йилларда Конгрессга тайёргарлик кўриш мақсадида янгиликлар агентликлари Умумжаҳон кенгаши ижро органи бўлган (NACO)нинг 5 та мажлиси бўлиб ўтди.
Озарбайжон пойтахти Бакуда ўтган Ахборот агентликлари Умумжаҳон конгресси доирасида “Ахборот агентликларига бўлаётган янги таҳдидлар”, “Ахборот агентликларининг келажак истиқболлари”, “Янгиликлар агентликлари – таҳдидлар, ижтимоий медиалар ва янги технологиялар имкониятлари”, “Янгиликлар агентликларидаги инновациялар”, “Келажак медиалари учун журналистларни тайёрлаш масалалари”, “Журналистларнинг вазифалари: эркинлик, факт ва маълумотларни олиш имкониятлари, хавфсизлик ва конфликтли ҳудудлар” каби ОАВ соҳасидаги йирик олим ва амалиётчиларнинг ўнлаб актуал мавзулардаги маърузалари тингланиб, амалий машғулотлар ўтказилди.
2017 йил 19 декабрда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев томонидан Озарбайжон давлат ахборот агентлигининг низоми тасдиқланди.