«Ўзагроинспекция» фаолияти самарадорлиги қандай кечмоқда?
Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари мулк эгаларига техник кўрик муддати келганини хабардор этиш мақсадида «СМС хабарнома» дастури ишга туширилди.
АОКАда инспекция ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева иштирокида ўтказилган брифингда тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида инспекция томонидан 5 минг 400 тага яқин янги қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари давлат рўйхатига олинди. Ушбу техникаларга 4 минг 100 тадан ортиқ техник паспорт ва давлат рақам белгиси ҳамда 1 минг 300 тага яқин техник гувоҳнома расмийлаштириб берилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник кўрикдан ўтказишда Янги мобил хизмати, яъни техника эгаларининг мурожаатлари асосида, техникани турган жойига чиққан ҳолда, замонавий техник кўрик жиҳозлари ёрдамида техник кўрикдан ўтказиш хизмати йўлга қўйилди ҳамда янги мобил хизмат, яъни техника эгаларининг мурожаатлари асосида, техникани турган жойига чиққан ҳолда, техник кўрикдан ўтказиш хизмати ташкил этилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, «СМС хабарнома» дастури ишга туширилиши натижасида 98 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникалари техник кўрикдан ўтказилди. Давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайлик яратиш мақсадида кўрсатилган хизматлар учун тўловларни электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти яратилди.
Эндиликда, тракторчи-машинистлар тайёрлайдиган ўқув муассасаларида ўқиётган талабаларнинг электрон рўйхати ҳамда ўқиш якуни бўйича уларнинг натижалари онлайн юритилади. Инспекция томонидан ўтказиладиган назарий имтиҳонлар инсон фактори аралашмаган ҳолда электрон тарзда амалга оширилади. Назарий ва амалий имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган фуқароларга янги намунадаги пластик шаклдаги тракторчи-машинист гувоҳномаси берилади.
Шу йилнинг ўтган даври мобайнида 13 мингга яқин фуқароларга янги намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномаси расмийлаштириб берилди. Шунингдек, республика бўйича 218 та тракторчи-машинистларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув муассасаларида ўқиётган 7650 та фуқаролар электрон рўйхатга олиниб, уларнинг ўқув жараёни электрон кузатиб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА